Тошкентда совуқ 50 йиллик рекордни янгилади
Бу қизиқ
−
13 Январь 2023
22253Бугунги кунда пойтахт Тошкентда давом этаётган аномал совуқ сўнгги 50 йил ичида январь ойида кузатилган энг паст кўрсаткични тақдим этди. Яъни, бугун, 13 январь тонгида -19,8° совуқ ҳарорат қайд этилди. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати маркази хабар берди.
Қайд этилишича, метеорологик кузатувлар тарихида Ўзбекистонда кўплаб совуқ қишлар бўлган. Жумладан, 1968-1969 йиллар қиши энг совуқ келган. Уларда қиш мавсумида республиканинг кўплаб ҳудудларида минимал ҳаво ҳароратининг мутлақ рекордлари қайд этилган.
Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларида метеорологик кузатувлар тарихидаги энг паст ҳаво ҳароратчлари 1972 ва 1977 йилларда кузатилган бўлиб, Қорақалпоғистон Республикаси ва Навоий вилоятининг шимолида ушбу йилларда ҳаво ҳарорати 33-36° ва Устюрт платосида 38-40° совуқ кузатилган.
Сўнгги 50 йил ичида энг узун ва совуқ қиш мавсуми 2007-2008 йилларда қайд этилган бўлиб, совуқ давр декабрь охиридан февраль ойининг ўрталарига қадар давом етган. Республика ҳудуди бўйича ҳарорат 17-22° совуқгача, баъзи жойларда 24-26° совуқгача, Қорақалпоғистон Республикаси ва чўл ҳудудларида 30-33° совуқгача пасайган.
Тошкентда 2008 йил қишида ҳаво ҳарорати -17,4° совуқгача, 1974 йилнинг январь ойида -18,6° совуқгача пасайган.
Тошкент шаҳрида 1969 йил қишда термометр устуни 23,1° совуқгача тушган бўлса, минимал ҳаво ҳароратининг мутлақ рекорди 1930 йил декабрь ойида 29,5° совуқни ташкил этган.
Гидрометеорология хизмати марказига кўра, Ўзбекистоннинг табиий иқлим шароитларидан келиб чиққан ҳолда, текислик ҳудудларда барқарор қор қопламининг шаклланишига имкон берадиган кучли қор ёғиши кам учрайди. Натижада иқлимнинг кескин ўзгариши (бирдан совиб кетиши ва унинг ортидан исиб кетиши) қор тушганда ҳосил бўладиган қор қопламининг узоқ вақт давомида ер юзасидан турмаслиги ва бир неча кун ичида эриб кетишига олиб келади.
Бироқ, 1969, 1972, 1974, 1982, 1984, 2006 ва 2008 йилларда қиш фаслининг совуқ келиши билан бирга қор ёғиш давомийлигининг ортиши кузатилган. Оқибатда ушбу йилларда текислик ҳудудларда паст ҳароратнинг узоқ муддат сақланиб қолиши қорнинг тўлиқ эришига имкон бермасдан қор қоплами тўпланишига сабаб бўлган. Жумладан, республиканинг шимолий (Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти) ва жанубий, жанубий-ғарбий (Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро, Навоий вилоятлари) ҳудудларида қор қопламининг баландлиги 15-25 смни, марказий (Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятлари) ва шарқий (Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари) ҳудудларда 30-65 смни ташкил этган.
Республиканинг тоғли ҳудудларида қорнинг максимал баландлиги 140-180 смга етган.
Тошкентда қор қопламининг максимал баландлиги 1969 йил кузатилган 54 см, жорий йил январда қор баландлиги 26 смни ташкил этди.
Таъкидланишича, бугунги кунда Ўзбекистонда давом этаётган совуқ кунлар гидрометеорологик кузатувлар тарихидаги энг кучлиси эмас. Жорий йилнинг 12 январдан 13 январга ўтар кечаси кузатилган совуқ ҳарорат Ўзбекистонга антициклон таъсирида кириб келган совуқ ҳаво оқимларининг энг юқори нуқтаси эди.
Антициклон маркази 13 январдан Қозоғистоннинг жанубий вилоятлари орқали шарққа томон силжимоқда, бироқ унинг периферияси таъсирида бўлган Ўзбекистон ҳудудида совуқлар кучсизланган ҳолда келаси хафтага қадар сақланиб қолади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь