Тошкентда шахсий уйда осилган Украина байроғи уй эгасининг рухсатисиз олиб ташланди
Жамият
−
25 Май 2023
19738Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги кўп қаватли уйлардан бирининг балконига илиб қўйилган Украина байроғини олиб ташлаш учун махсус техника чақирилди. Бу ҳақда BBC ўзбек хизмати хабар берди.
Хонадон эгасининг сўзларига кўра, воқеа содир бўлишидан уч соат аввал унга туман ички ишлар бўлимидан қўнғироқ бўлган.
"Адашмасам, ўзини жиноят-қидирув бўлимидан Мурод деб таништирди. Шу уй менга тегишли экани ҳақида сўради. Яна ўзингиз ё рафиқангиз Украина фуқароси эмасми, деган савол берди. Мен “йўқ”, дедим. Кейин нега балконимда Украина байроғи тургани сабабини суриштирди. У ўзимнинг, рафиқамнинг туғилган йилига оид бир неча шахсий саволлардан сўнг байроқ олиб ташланишини таъкидлади. Мен ҳеч бўлмаса, Telegram орқали нега байроқ олиб ташланиши ҳақида ёзма изоҳ беришларини сўрадим, асоссиз олиб ташлай олмасликларини айтдим. Ходим келсангиз тушунтирамиз, бизда олиб ташлашга топшириқ бор, деди", дея маълум қилган хонадон соҳиби Ражаб Латипов.
Кеча, 24 май куни соат 18:00 лар атрофида унинг хонадонига, "Новомосковская" турар жой мажмуасига махсус кран чақирилиб, фуқаро кийимидаги шахслар эгалари йўқ бўлган уйдан байроқни олиб ташлаган.
Балкондан байроқ олинган вақтда уй эгалари Туркияда бўлгани, улар байроқ ҳақида ички ишларга ким ва нима сабабдан хабар берганини билмаслиги таъкидланган.
"Очиғи, байроқни айнан ким олиб ташлаганини билмайман. Билганим – бу қўшнилар юборган хабар, суратлар, видеолар. Улар милицияга байроқ ўтган йилдан бери ўша жойда тургани, ўзлари томонидан бирор қаршилик ёки саволлар бўлмаганини айтишибди", дейди 51 ёшли Латипов.
Уй эгаси ўзининг Украинанинг Черновци шаҳрида туғилгани, ҳозирда Ўзбекистонда яшаб, ишлаб келаётганини айтган. У фақат Украинада туғилгани учунгина эмас, Россиянинг унга қарши очган урушига қатъиян қарши эканини билдириш учун ҳам байроқни уйининг балконида сақлаб келганини қўшимча қилган.
"Байроқни Киевдаги дўстларим совға қилишган. Уларга қўлловимни кўрсатиш учун ҳам байроқни уйимда сақлаганман. Қайта-қайта такрорлашим лозим, байроқ шунчаки балконда турган эди, кўчага чиқариб илиб қўйилмаганди. Пандемия ва урушга қадар Украинада кўп бўлганман. Украин тилини билмасамда, одамлар билан мулоқотда бирор муаммога учрамаганман. Россияда ҳам дўстларим кўп. Менда Россия фуқароларига нисбатан ҳеч қандай адоват, нафрат мавжуд эмас. Мен фақат уруш ва у келтираётган кулфатдан нафратланаман.
Менинг позициям аниқ – мен урушга қаршиман ва бу урушда Украинани қўллайман”, дейди у.
Воқеа юзасидан батафсил маълумот олиш учун Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов билан боғланганимизда, у гўё бундан хабари йўқлигини айтиб, воқеа қаерда ва қандай бўлгани тафсилотларини биздан сўради. Шунингдек, ҳолатни ўрганиб чиқишини маълум қилиб, унгача байроқ тўғрисидаги қонунни ўрганиб туришимизни “маслаҳат” берди.
Ўзбекистон ҳудудида бу каби баҳсли вазиятлар нафақат хорижий давлат рамзлари билан, балки мамлакат байроғи билан ҳам кузатилган. Мисол учун, яқинда Қашқадарёда байроқли битирув тасмаси осиб олган йигитни ИИБ ходимлари олиб кетганди. Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама ва танқидларга сабаб бўлганидан кейин Бош прокуратура баёнот бериб, йигит бу учун жавобгарликка тортилмаслигини маълум қилган. Шунингдек, уни ҳибсга олган ИИБ ходимларига нисбатан хизмат текшируви ҳам ўтказилган.