Тошкентда пойга ортидан пиёда ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи озодликка чиқарилди
3-саҳифа
−
28 Сентябрь
9938Жорий йилнинг май ойида Тошкент шаҳрининг Сергели туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида бир киши ҳалок бўлганди. Кia русумли автомобиль ҳайдовчиси 27 ёшли пиёдани уриб юборганди.
Автопойга уюштириб, пиёда ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи 4 ойда озодликка чиқарилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.
Суд ҳужжатларига кўра, айбланувчи 24 ёшли А.Х. жиноят ишлари бўйича Сергели туман судининг 14 августдаги ҳукми билан 2 йилга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Судда ҳайдовчи бир қатор йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, юқори тезликда ҳаракатлангани ва пиёдани уриб юборгани тасдиқланган.
Судланувчининг адвокати ҳукм юзасидан апелляция шикоятини киритган. 12 сентябрь куни бўлиб ўтган апелляция инстанцияси суди мажлисида жабрланувчининг қонуний вакили Б.К. айбдорнинг оила аъзолари томонидан моддий ва маънавий зарарлар тўлиқ қоплангани, унга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги, унга енгилроқ жазо тайинлашни сўраб, судга ариза тақдим қилган.
Суд мажлисида қатнашган Тошкент шаҳар прокуратурасининг бўлим бошлиғи ўринбосари М.Комилов апелляция шикоятини қаноатлантирмасликни сўраган.
Судлов ҳайъати эса судланувчининг шахси, муқаддам судланмагани, айбига иқрор ва қилмишидан пушаймонлиги, оилавий ва моддий аҳволи, жабрланувчи қонуний вакилининг унга нисбатан даъвоси йўқлиги каби жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни инобатга олиб, А.Х.га нисбатан тайинланган жазони Жиноят кодексининг 72-моддасига асосан шартли ҳисоблаб, синов муддати белгилашни лозим топган.
Суд ажрими билан А.Х.га нисбатан Жиноят кодекси 266-моддасининг 2-қисми билан тайинланган жазолар ўзгаришсиз қолдирилган. А.Х.нинг дастлабки қамоқда сақланган 4 ой 2 куни тайинланган жазодан чегирилиб, ўташ учун 2 йил 7 ой 28 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси қолдирилган. Бу асосий жазо Жиноят кодексининг 72-моддасига асосан шартли ҳисобланиб, 2 йил синов муддати белгиланган ва суд залидан озод қилинган.
Синов муддатида А.Х.га хулқи устидан назорат олиб борувчи орган рухсатисиз Ўзбекистон ҳудудидан чиқмаслик, яшаш, ўқиш ёки иш жойи ўзгариб қолса, бу ҳақда хулқи устидан назорат қилувчи органга хабар бериб туриши, вақти-вақти билан келиб бу органларда рўйхатдан ўтиб туриши мажбуриятлари юклатилган.
LiveБарчаси