Тошкентда 16 ёшли қиз билан жинсий алоқада бўлган ОИВ касаллиги бор ўқувчига жиноий иш очилди
Жамият
−
03 Июнь 2020
78296Тошкент шаҳрида яшовчи, ОИВ касаллигига чалинган 17 ёшли мактаб ўқувчиси ўзининг 16 ёшли таниш қизи билан жинсий алоқа қилгани учун унга нисбатан жиноий иш очилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкентда яшовчи 17 ёшли А.К., ОИВ инфекцияси билан касалланганлигидан ва ОИТС диспансерида ҳисобда туришидан хабардор бўла туриб, таниши 16 ёшли Р.Б. билан ҳимояланмаган тарзда жинсий яқинлик қилган ва бу билан қизни ОИВ инфекцияси юқтириш хавфи остига қўйган. Қонуний ҳимоячиси иштирокида бўлиб ўтган ходимлар билан суҳбатда йигит ўз айбига тўлиқ иқрорлигини билдириб, қуйидагиларни маълум қилган.
Касаллиги туфайли у 7 ёшлигидан буён ҳисобда туриб, мунтазам равишда кўрикдан ўтиб туради. Р.Б. билан болаликдан таниш бўлганлиги сабабли, у билан анчадан буён яхши муносабатда бўлиб, ўсмирлик давриданоқ учрашиб юрган. Муносабатларни "катталар" даражасига ўтказишни йигит ва қиз режалаштирмаган эдилар, аммо бу ҳолат содир бўлганида уларда контрацептив бўлмаган. Йигит қизни жинсий алоқа хавфли бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирган, аммо ўсмирлик севгиси уларнинг кўзини кўр қилиб қўйган эди. Кейинчалик ёшлар ҳимоя воситаларидан фойдаланиб, биринчи ҳолат ҳеч қандай ёмон оқибатларга олиб келмаслигидан умидвор бўлишган.
Бир оз вақт ўтгач, ўзини ёмон ҳис қила бошлаган қиз шифокорга мурожаат қилиб, 5 ойлик ҳомиласи борлигидан хабардор бўлган. Йигитининг ташхисини билган қиз ҳолатнинг жиддийлигини тушуниб, муаммоси ҳақида тиббиёт мутахассисларига ва яқинларига маълум қилган.
Шу тарзда, ўрта мактаб юқори синфлар ўқувчиси А.К. ўз ҳаракатлари билан бошқа шахсни таносил касаллигини юқтириш хавфи остида қолдирган. Мазкур факт асосида ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 113 моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилди. Ҳолат бўйича тўпланган маълумотлар айблов хулосаси билан жиноий ишлар бўйича судга кўриб чиқилиши учун йўналтирилди.
"Ишни тергов қилган терговчининг қайд этишича, ушбу жиноятни содир этишга туртки бўлган сабаблардан бири, ёшларнинг касаллик ва унинг оқибатлари ҳақида маълумотга эга бўлмаганликлари бўлган. Шу сабабли бу каби жиноятларни олдини олиш мақсадида кейинчалик нафақат ОИВ инфекцияси билан касалланган беморлар орасида, балки умуман аҳоли орасида ҳам бу касаллик ҳақидаги билимни ошириш муҳимдир. Бу йўналишдаги ишлар мунтазам равишда тиббиёт соҳаси вакиллари томонидан, ўқув муассасалари вакиллари томонидан олиб борилади, аммо бизнинг фикримизча, боланинг бу борада ахборотлаштиришда ота-оналар сезиларли ҳисса қўшишлари мумкин. Бу масалада уят ноўриндир: чунки гап жиддий оқибатлар ҳақида кетмоқда", дейилади ИИББ хабарида.
LiveБарчаси