Тошкентда мотоциклда “ҳунар кўрсатган” қиз жазоланди (видео)
Crime
−
14:25 6157 2 minutes
Тошкент шаҳрида мотоциклнинг орқа балонини тутатган қизга чора кўрилди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ҳолат юзасидан ҳайдовчи Тошкент шаҳар йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси биносига чақиртирилиб, тегишли чоралар кўрилган ва мотоцикл вақтинчалик сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган.
“Мотоциклнинг орқа балонини тутатиб, “burnout” қилганим учун менга тегишли чоралар кўрилди. Ҳолат бўйича шаҳар ГАИ қидирув бўлимидан чақиртиришди. Протокол тузишди. Мотоциклимни ҳозир штрафнойга қўйишяпти. Менга тегишли чоралар қўлланилди. Мен унақа қилиш мумкин эмаслигини билмаган эдим. Бу нарса бошқа қайтарилмайди. Ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилишгача ҳам бориши мумкин бўлган нарсалигини тушундим. Мени огоҳлантиришди. Бу нарса бошқа қайтарилмайди. Бошқа ҳайдовчиларга ҳам унақа ҳолатни такрорламасликларини маслаҳат бериб қоламан”, дейди қиз.
Маълум бўлишича, қизга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-10-моддаси (йўл безорилиги) 1-қисми билан жарима қўлланилган.
Маълумот учун, ушбу модда йўл безорилиги, яъни транспорт воситалари ҳайдовчиларининг бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатига қасддан тўсқинлик қилиши, ҳаракатланиш бурчагини ва (ёки) тезлигини сақлаган ҳолда транспорт воситасини сабабсиз сирпантириши (дрифт), ўз йўналишида ҳаракатланиш бўлагини сабабсиз кескин равишда уч ва ундан ортиқ марта узлуксиз ўзгартириши (бундан махсус ажратилган жойларда содир этиш мустасно) ёки йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсиз ҳаракатланишига таҳдид солувчи ёхуд транспорт воситасида йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчиларига нисбатан ҳурматсизликда ифодаланган бошқа хатти-ҳаракатларни намойишкорона содир этишни назарда тутади. Ушбу ҳаракатлар транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан бир йилдан икки йилгача муддатга маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда 17 ёшли йигит ижарага олинган Monza русумли автомобилда қалтис ҳаракатлар амалга оширганди. Мазкур ҳолат юзасидан ЙҲХБ қидирув бўлими ходимлари томонидан суриштирув ўтказилиб, ҳайдовчи аниқланган. Унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 128-10-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Live
All