Тошкентда Lacetti автобус билан тўқнашди
3-саҳифа
−
19 Ноябрь
2920Тошкент шаҳри Чилонзор туманида енгил машина ва автобус ўртасида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда “Тошшаҳартрансхизмат” хабар берди.
Ҳодиса бугун, 19 ноябрь куни соат 06:40 атрофида Бунёдкор-Қатортол 2 кўчалари кесишган чорраҳада содир бўлган.
Қайд этилишича, Чилонзор туманида Lacetti автомобили 171-сонли автобус билан тўқнашиб кетган. Ҳодиса оқибатида машинада бўлган йўловчи шифохонага олиб кетилган, автобусда бўлган 3 нафар йўловчига жароҳат етмаган.
“Ҳайдовчи Қ.M. бошқарувида бўлган 171-сонли йўловчи автобус 2-даражали йўл бўйлаб ҳаракатланиб бораётган вақтида Lacetti ҳайдовчиси M.Ш. асосий йўлда светофорнинг яшил чироғида ҳаракатланиб келаётган автобусга йўл бермасдан унинг йўлига чиқиб кетган ва тўқнашган”, дейилади хабарда.
ЙТҲ оқибатида енгил машинадаги 66 ёшли йўловчи Д.M. биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида шифохонага олиб кетилган.
Иккала транспорт воситаси ҳам техник шикастланган. Ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилоятида автобус вояга етмаган пиёдани уриб юборганди. ЙТҲ оқибатида пиёда воқеа жойида вафот этган. Ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳайдовчи Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.
Муҳаммад Ҳодиев
LiveБарчаси