Тошкентда “квартира”сини нарколабораторияга айлантирганлар ушланди (видео)
Crime
−
13:15 1487 2 minutes
Тошкентнинг Яккасарой ва Чилонзор туманларида “закладка” усулида гиёҳвандлик воситаларини тарқатиб келган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 3 август куни тезкор тадбирлар давомида 1993 йилда туғилган шахс ҳамда унинг жиноий шериги, муқаддам Жиноят кодексининг 273-(Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) ва 168-моддалари (Фирибгарлик) билан судланган, 1992 йилда туғилган шахс қўлга олинган.
Улар Яккасарой туманида гашиш гиёҳвандлик воситаларини “закладка” усулида тарқатаётган вақтида ушланган.
Ҳодиса жойида уларга тегишли Nexia-3 русумли автомашина кўздан кечирилганда, 20 грамм гашиш мойи аниқланиб, расмийлаштириб олинган.
Тезкор тадбирлар давомида гумонланувчиларнинг яшаш манзиллари ҳам текширилган. У ердан 2 килограмм гашиш мойи, “марихуана” ва гашиш, шунингдек, гиёҳвандлик воситаларини қадоқлаш ва тарқатишда фойдаланилган зип-пакетлар, изоляцион ленталар ҳамда бошқа ашёлар топилган.
Бундан ташқари, Мирзо Улуғбек туманида улар ижарага олган уйини нарколабораторияга айлантиргани аниқланган.
Мазкур хонадонни кўздан кечириш давомида нарколаборатория учун зарур бўлган ускуналар, 1 килограмм тамаки, 1 килограмм кукунсимон модда, гашиш мойи ва гашиш, 2 дона электрон тарози, 5 минг дона зип-пакет, 1,5 минг дона бўш капсула, резина қопқоқлар, тиббиёт ниқоблари, изоленталар, шприцлар ҳамда тайёр ҳолдаги гашиш гиёҳвандлик воситалари аниқланиб, расмийлаштириб олинган.
Маълумотларга кўра, жами 2 килограмм 170 грамм, яъни 10 минг 700 дозага тенг гиёҳвандлик воситалари ноқонуний муомаладан чиқарилган.
Ҳолат юзасидан гумонланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳри Яшнобод туманида фуқаронинг дала майдонидан 47 туп гиёҳвандлик воситасига ўхшаш ўсимлик аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All