Тошкентда кунига 2 тонна нон чиқиндига ташланаётгани маълум бўлди
Жамият
−
23 Апрель 2022
7882Ўзбекистонда эса ҳар йили 3 миллион тонна озиқ-овқат маҳсулотлари чиқиндига айланмоқда. Биргина Тошкент шаҳрида ҳар куни 2 тоннага, йилига 730 тоннага яқин нон маҳсулоти чиқиндига ташланади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган “Озиқ-овқат маҳсулотлари исрофгарчилигини камайтириш ва кам таъминланган аҳолини бепул истеъмол маҳсулотлари билан таъминлаш” мавзусида даврада айтиб ўтилди.
Қайд этилишича, бутун дунёда, хусусан, Ўзбекистонда ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари исрофгарчилиги ортиб бормоқда. БМТ маълумотларига кўра, 2019 йилда дунё бўйича ишлаб чиқарилган жами озиқ-овқат маҳсулотларининг 1,64 миллиард тоннаси (жами озиқ-овқат маҳсулотларининг 31 фоизи) чиқиндига айланган. Аҳамиятлиси, йўқотилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг фақатгина 25 фоизи бутун дунёдаги очлик муаммосини тўлиқ ҳал қилиши мумкин.
Таҳлилларга кўра Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари исрофгарчилигига хайрия қилинган маҳсулотлар учун солиқ юкининг юқорилиги, фудшеринг платформаларининг мавжуд эмаслиги, озиқ-овқат банклари фаолиятининг йўлга қўйилмаганлиги каби муаммолар сабаб бўлмоқда.
Тадбирда озиқ-овқат маҳсулотлари исрофгарчилигини камайтириш борасида Германия, Франция, Италия, Буюк Британия, Чехия, Япония, Россия, Қозоғистон каби давлатларда қўлланилаётган чоралар, хусусан, хайрия фаолияти учун солиқ имтиёзларини жорий этиш, фудшеринг платформалари ва озиқ-овқат банклари фаолиятини ривожлантириш, яроқлилик муддатини белгилаш тизимини такомиллаштириш кабиларни Ўзбекистонда ҳам жорий этиш масаласи муҳокама қилинган, вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари бу борада ўз фикрларини билдирган.
Тадбирда озиқ-овқат маҳсулотлари исрофгарчилигининг олдини олиш тизимини стратегик такомиллаштириш, мавжуд ресурслардан самарали фойдаланган ҳолда аҳолини бепул озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштиришга келишиб олинган.
LiveБарчаси