Тошкентда котлован қазилаётганда йўлнинг бир қисми ўпирилиб тушди
3-саҳифа
−
14 Сентябрь
4658Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани Новза кўчасидаги янги қурилиши режа қилинган Novza Residence кўп қаватли турар жой мажмуаси котловани сабаб йўлнинг бир қисми қулаб тушгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолатга Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, воқеа содир бўлган ҳудудда ўрганиш ишлари олиб борилган. Ушбу объектдаги қурилиш ишлари “Runa International Trading INC” МЧЖ томонидан амалга оширилмоқда.
Вазирликка кўра, пастки қаватлари савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуасидан иборат кўп квартирали тураржой объектида қурилиш-монтаж ишлари Вазирлар Маҳкамасининг 200-сонли “Қурилиш соҳасига оид ягона маъмурий қурилиш регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор талабларига зид равишда, яъни инспекциядан қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун хабардор қилиш тартиби орқали рўйхатдан ўтмаган ҳолда бошлаб юборилган.
“Ўрганишлар давомида ҳудуд атрофи профнастил билан ўралиб, ер ишлари тегишли қоида ва меъёрларга амал қилинмаган ҳолда олиб борилаётгани аниқланган”, дейилган вазирлик берган муносабатда.
Шунингдек, МЧЖ раҳбарига қурилиш-монтаж ишларини тўхтатишга доир огоҳлантириш хати юборилган. Ҳозирда ҳолат назоратга олинган бўлиб, қўшимча маълумот тақдим қилиниши билдирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилоятининг Пастдарғом тумани Жума шаҳрида котлован (хандақ) қазилаётган пайтда қўшни уй қулаб тушганди.
LiveБарчаси