Тошкентда ИИО ходимлари фуқаронинг оёғини синдирдими? (видео)
3-саҳифа
−
19 Апрель 10555 3 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Сергели туманида ички ишлар органлари ходимлари томонидан фуқарога тан жароҳати етказилгани айтилган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси маълумот берди.
ИИББ томонидан берилган маълумотларга кўра, ҳолат жорий йилнинг 8 февраль куни содир бўлган. Ўша куни соат 16:00 да Сергели туман Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан туманнинг Нўғойқўрғон маҳалласи ҳудудида қора рангли Gentra автомашинаси шубҳа уйғотгани сабабли холислар иштирокида текшириш учун тўхтатилган. Автомашинада бўлган муқаддам судланган Ф, Ж, Н, О исмли шахслар ички ишлар ходимларига қаршилик кўрсатган ва турли томонга қочишга уринган.
Қўлга олинганидан сўнг 1998 йилда туғилган Ж исмли шахснинг қўлида бўлган сариқ рангли полиэтилен пакетнинг ичидан яшириш йўли билан тарқатишга тайёрлаб қўйилган катта миқдордаги турли хил дорилар топилган. Ўтказилган суд-кимёвий экспертиза хулосасига кўра, олинган далилий ашёлар кучли таъсир қилувчи дорилар экани маълум бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 2511-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан қамоқда сақлаш тарзидаги эҳтиёт чораси танланган.
ИИББ фуқарога ходимлар томонидан жароҳат етказилгани иддао қилинган видеода кўтарилган важларга тўхталиб, тармоқ фаоли фуқарони ҳимоя қилаётган вақтида масалага биртомонлама ёндошгани, масъуллардан ҳолат юзасидан изоҳ олмагани, холислик қилмагани, ушбу шахснинг қандай жиноят учун ички ишлар органларига олиб келинганига умуман тўхталмаганини таъкидлаб, ёлғон хабарларни тарқатганини айтган.
Экспертиза хулосасига кўра, Ж исмли шахсга “ўнг оёқ панжаси, бешинчи панжа суяги асосидан ёпиқ синиб, қониқарли туриши” ташхиси қўйилган. ИИББ у бу жароҳатни ички ишлар органлари ходимларидан қочиш вақтида ўз эҳтиётсизлиги оқибатида олганини айтиб, унинг оёғи ходимлар томонидан синдирилмаганини қайд этган.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили иш назоратга олинганини билдирди. Ҳолат юзасидан Бош прокуратурага Омбудсман талабномаси киритилган.
Омбудсман ушбу ҳолатни қонун талаблари доирасида кўриб чиқилиши, воқеанинг барча жиҳатларини очиқ ва адолатли суриштирувини таъминлашни сўраган.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 19 апрель куни Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида Lacetti ҳайдовчиси наркотик модда таъсирида йўл-транспорт ҳодисаси содир қилганди. Автомобиль тўхтатиш ишорасига бўйсунмаган ва 2 та Damas автомобилига техник шикаст етказган ҳолда ҳодиса жойидан қочишга ҳаракат қилган. Кўрилган чоралар натижасида транспорт воситаси тўхтатилиб, унинг ичида бўлган ҳайдовчи ва йўловчилар текширилганда, автомобиль ичида номаълум моддалар, шунингдек, наркотик модда истеъмоли учун ишлатилган буюмлар борлиги аниқланган. Ҳайдовчи ҳам наркотик модда таъсирида бўлган.
Live
Барчаси