Тошкентда “Америка орзусини” рўёбга чиқармоқчи бўлганлар ушланди
3-саҳифа
−
20 Октябрь 2023
7294Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида фуқароларни 16 ва 10 минг доллар эвазига танишлари ёрдамида АҚШга жўнатишни ваъда қилганлар қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Унга кўра, департамент, Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида аҳолини АҚШга ноқонуний равишда жўнатиш бўйича уринишларнинг олди олинган.
"Тошкент вилоятининг Чиноз туманида яшовчи Д.Х. фуқаро М.А.нинг ишончига кириб, 16 минг доллар эвазига танишлари ёрдамида АҚШга ишлаш учун юборишини айтиб, олдиндан 3 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди", дейилади хабарда.
Шунингдек, пойтахтнинг Юнусобод туманида муқаддам судланган Ф.М. фуқаро Ж.К.ни юқори лавозимларда ишловчи танишлари ёрдамида, 10 минг доллар эвазига АҚШга ишга юборишини ваъда қилиб, олдиндан 3200 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилаётгани маълум қилинган.