Тошкентда 23 нафар хорижлик ишлаётган ноқонуний колл-марказ аниқланди (видео)
3-саҳифа
−
10:40 540 2 дақиқа
Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида 23 нафардан ортиқ хорижий фуқаро фаолият юритган ноқонуний колл-марказ аниқланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, ҳолат хонадонбай ўрганиш ишлари давомида аниқланган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари хонадонлардан бирини текширишга келганида, у ердаги шахслар уларга минг доллар пора таклиф қилган. Бироқ ходим порани олишдан бош тортган.
Шундан сўнг, холислар иштирокида ўтказилган текширувда хонадоннинг ҳар бир хонасида 4–5 нафардан фуқаро яшаётгани, жами 23 нафардан ортиқ хорижлик ноқонуний фаолият юритаётгани аниқланган.
Тошкент шаҳар ИИББ ҳамда Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан ташкил этилган тезкор тадбир давомида 80 та уяли алоқа воситаси, 21 та ноутбук, 6 та Wi-Fi роутер ва 22 та паспорт ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Бундан ташқари, марказда уч нафар хорижий фуқаро белгиланган тартибда лицензия олмасдан, интернет криптобиржалари орқали такроран крипто-активлар олди-сотдисини амалга оширгани аниқланган. Уларнинг криптоактивлар айланмаси жами 27 минг 910,21 USDT’ни (тахминан 329,6 миллион сўм) ташкил этган
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Яккасарой тумани мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 278-8-моддаси (Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш) иккинчи қисми тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ноқонуний GSM-шлюз қурилмаларидан фойдаланиб, сохта колл-марказ ташкил этган ва фуқароларнинг банк карталаридаги пулларни ўзлаштирган жиноий гуруҳ фош этилгани ҳақида хабар берилган эди.