Тошкент вилоятида зўрланган 13 яшар қиз иши судда кўрилади
3-саҳифа
−
05 Август 2023
9659Жорий йилнинг баҳор фаслида Тошкент вилоятида 13 ёшли қиз Миллий гвардия ходими томонидан бир неча йил аввал зўрлангани ҳақида хабар берган эдик. Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича иш судга оширилди. Бу ҳақда “Сукут сақлама” (Nemolchi.uz) лойиҳаси хабар берди.
Келтирилишича, қизнинг номусига теккан Ш.Шарипов у пайтда тизимда фаолият юритмаган, кейинчалик эса Миллий гвардияга ишга кирган.
“Икки йил давомида иш судгача етиб бормаган. Жиноят иши даъво муддати ўтиб кетгани ва далиллар йўқлиги важи билан ёпиларди. Иш Қибрай туман прокуратураси, Ҳарбий прокуратура, Бош прокуратурага оширилди. Сенаторлар ва Болалар омбудсманига ҳам мурожаат қилганмиз. Ҳаммаси беҳуда”, деган қизнинг оиласи Nemolchi.uz лойиҳасига.
Оила лойиҳа таҳририятига мурожаат қилганидан сўнг бу ҳақда барча оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган. Шундан сўнг янги жиноят иши қўзғатилган.
Иш ўта муҳим ишлар бўйича катта терговчи, Тошкент вилояти прокуратураси ўта оғир жиноятлар бўйича бўлим бошлиғи Қосимов Азаматга топширилган. Терговчи доимо жабрланувчининг оиласи билан алоқада бўлган, жиноятчининг айбини исботлаш учун барча гувоҳларни чақирган ва терговга ёрдам бериши мумкин бўлган майда деталларни ҳам инобатга олган.
Қўшимча қилинишича, жорий йилнинг 29 июль куни тергов ҳаракатлари якунланиб, дастлабки суд мажлислари ўтказилган.
“Одил судловдан умид қиламизки, вақт йўқотилганига қарамай, жиноятчи жазоланади. Токи келажакда бундай жиноятлар такрорланмаслиги ва сукут, қўрқитиш ва ёлланма адвокатларнинг кўплиги ниқоби остида зўравонлик жазосиз қолмайди”, дейилади хабарда.
Маълумот ўрнида, воқеа 2019 йилнинг ёз фаслида Тошкент вилояти Қибрай туманида содир бўлган. Жабрланган қиз ота-онаси билан Америка Қўшма Штатларида истиқомат қилган. 2019 йилнинг ёзида эса бувисининг уйига, Тошкент вилояти Қибрай туманига келган. Воқеа содир бўлган куни қиз дугонаси билан бирга бўлган. Уйига қайтаётганида уни бувисининг қўшниси Ш.Ш. куч ишлатиб, бир бинога олиб кирган ва ўша ерда қизни зўрлаган. Қиз узоқ вақтга қадар таҳдидлардан қўрқиб бўлган воқеани ҳеч кимга айтмаган. 2022 йилнинг февраль ойида ота-онаси ҳам бундан хабар топиб, Шариповни жавобгарликка тортиш учун Тошкент шаҳрига етиб келган. Бунинг учун улар турли давлат ташкилотларига ариза билан мурожаат қилган, аммо натижа бўлмаган.