Тошкент вилоятида майнерлар 2 млрд сўмлик электр энергиясини ўғирлади
3-саҳифа
−
12 Март
5435Тошкент вилоятида 2 млрд 284 млн сўмлик электр энергиясини ўмарганлар ушланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Ички ишлар вазирлиги ва “Ўзэнергоинспексия”нинг ҳудудий бошқармалари билан ҳамкорликда бир нечта тезкор тадбирлар ўтказилиб, ноқонуний майнинг фаолияти билан шуғулланишга чек қўйилди.
Хусусан, Янгийўл шаҳрида яшовчи, 1993 йилда туғилган И.Н. 10 дона “Antminer L3++” русумли майнинг қурилмаларини ўзбошимчалик билан умумий фойдаланишдаги электр тармоғига улаб, майнинг фаолияти билан шуғулланиши натижасида, давлат манфаатларига 1 млрд 19 млн 400 минг сўм миқдорида зарар етказган.
Бундан ташқари, Қибрай туманида истиқомат қилувчи, 1998 йилда туғилган Р.Ж.нинг хонадони кўздан кечирилганда, у ҳеч қандай рухсатномасиз майнинг фаолияти билан шуғулланиб, 685 млн 939 минг сўмлик электр энергиясини талон-торож қилганлиги аниқланиб, ундан 2 та тўпламда бўлган майнинг қурилмалари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Қибрай туманида кузатилган яна бир ҳолатда эса 1982 йилда туғилган М.С. ўзининг яшаш манзилида криптовалюта ишлаб чиқариш фаолияти билан қонунга хилоф равишда шуғулланиб, 3 та тўпламда бўлган майнинг қурилмаларидан фойдаланиши натижасида, электр энергияси бўйича давлат манфаатларига 579 млн 474 минг сўм миқдорида зарар етказган.
“Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси