Тошкент вилоятида 1 млрд сўмлик “таблетка” сақлаган шахс ушланди (видео)
3-саҳифа
−
07 Февраль 5918 2 дақиқа
Тошкент вилояти ИИББ ва ДХХ вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган “Хавфсиз ҳудуд” тезкор тадбирида 1 млрд сўмлик кучли таъсир қилувчи психофаол дори воситаларини сақлаган шахс қўлга тушди. Бу ҳақда Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, тадбир давомида 1988 йилда туғилган шахснинг яшаш хонадонида жуда кўп миқдорда кучли таъсир қилувчи дори воситаларини интернет орқали, контактсиз манзил усулида, яъни “закладка” кўринишида сотиш мақсадида сақлаб келгани аниқланган. Хонадон кўздан кечирилганда оғирлиги 1 кг тайёр ҳамда 6 кг хомашё кўринишидаги кимёвий восита ҳамда дориларни қадоқлаш учун 100 минг дона бўш капсула далилий ашё сифатида олинган.
Суриштирув давомида ушбу шахс гиёҳванд моддалар билан шуғулланувчи гуруҳнинг қадоқловчи омборчиси сифатида фаолият юритган ва у курьерларга катта миқдордаги дори воситаларини етказиб бериш билан шуғулланган. Бунинг учун ҳар 1000 дона капсула учун 1 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулларни электрон тарзда олиши аниқланган.
Ўтказилган тезкор тадбир натижасида қора бозордаги қиймати 1 млрд сўм бўлган 35 минг донада сотилиши режалаштирилган кучли таъсир қилувчи дори воситалари муомаладан чиқарилган.
Билдирилишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ушланган шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 2551-модда (Бактериологик, кимёвий ва бошқа хил ялпи қирғин қуроллари турларини ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш, тўплаш, олиш, бировга ўтказиш, сақлаш, қонунга хилоф равишда эгаллаш ва улар билан бошқа ҳаракатларни содир этиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида нарколаборатория ташкил қилган икки шахс ушланган эди. Умумий ҳисобда тезкор тадбирлар натижасида тахминан 813 716 АҚШ долларлик гиёҳвандлик ва кучли таъсир қилувчи дорилар тарқалишига чек қўйилган.
Live
Барчаси