Тошкент вилояти боғчаларидаги оммавий заҳарланиш: 11 кишига ҳукм ўқилди
3-саҳифа
−
14 июл 4513 3 дақиқа
Бугун, 14 июль куни жиноят ишлари бўйича Бўка туман судида 2025 йил сентябрь ойида Бекобод, Бўка, Оққўрғон, Пискент ва Қуйи Чирчиқ туманларида мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларининг заҳарланиш ҳолатларига оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни тугади. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.
Қайд этилишича, эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ 11 нафар судланувчи Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган.
Хусусан:
- Р. О. (эркак, 1985 йилда Тошкент вилоятида туғилган, “Shark Milk Product” МЧЖ директори), А. С. (эркак, 1987 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, “Shark Milk Product” МЧЖ бош технологи), Р. Х. (эркак, 1982 йилда Тошкент вилоятида туғилган, “Shark Milk Product” МЧЖ технологи)га 3,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш;
- С. С. (эркак, 1985 йилда Тошкент вилоятида туғилган, “Shark Milk Product” МЧЖ таъсисчиси ва сотув бўлими менежери), Ф. О. (эркак, 1990 йилда Тошкент вилоятида туғилган, “Shark Milk Product” МЧЖ таъсисчиси ва директори ўринбосари), М. Н. (эркак, 1991 йилда Тошкент вилоятида туғилган, “Shark Milk Product” МЧЖ технологи ёрдамчиси)га 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш;
- Ж. Х. (эркак, 1993 йилда Бухоро вилоятида туғилган, “Governess Business” МЧЖ директори), И. С. (эркак, 2000 йилда Сирдарё вилоятида туғилган, “Innavation Outsourcing Servise” МЧЖ директори), Б. Р. (эркак, 1992 йилда Сирдарё вилоятида туғилган, “Nishon invest” МЧЖ директори), Ф. Д. (эркак, 1993 йилда Тошкент вилоятида туғилган, “Kinder Garden Group” МЧЖ директори) Д. Қ. (аёл, 1997 йилда Тошкент вилоятида туғилган, “Shark Milk Product” МЧЖ лаборанти)га 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Суд ҳукми билан судланувчиларга Жиноят кодексининг 45-моддасига асосан муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш белгиланган.
Билдирилишича, биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент вилоят судининг апелляция/кассация инстанциясига шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақли.
Ўзи нима бўлган эди?
2025 йилнинг 25 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Пискент, Бўка, Оққўрғон ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган болалар овқатдан оммавий заҳарлангани маълум бўлди.
Ушбу ҳолат ортидан Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари бошланди.
Дастлабки тахминларга кўра, болалар соғлиғидаги ўзгаришларга сифатсиз сут маҳсулотлари сабаб бўлган бўлиши мумкин. Мактабгача таълим ташкилотларига шу куни олиб борилган 3,2 фоизли кефир маҳсулоти Оққўрғон туманидаги цехларнинг бирида ишлаб чиқарилгани аниқланган.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабековга кўра, жами 1922 нафар, шу жумладан, бемор болалар билан мулоқотда бўлган бошқа болалар ҳам тиббий кўрик билан қамраб олинган, улардан 959 нафарида ҳеч қандай клиник белгилар бўлмагани учун дарҳол уйларига жавоб бериб юборилган. Қолаверса, 269 болага даволанишдан сўнг уйига жавоб берилган. Кейинроқ эса яна 694 бола даволанган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мазкур иш доирасида 10 киши қамоққа олингани, 1 киши уй қамоғига юборилгани ҳақида хабар берилган эди.