Шарманда! Тошкентда прокурорнинг катта ёрдамчиси “таблетка” билан ушланди 

3-саҳифа

image

Тошкент вилояти Зангиота туманида Сирдарё вилояти прокурорининг катта ёрдамчиси 50 дона “Зардекс” кучли таъсир қилувчи дори воситаси билан қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳудудида ўтказилган тезкор тадбирда Сирдарё вилояти прокурорининг катта ёрдамчиси бошқарувида бўлган Spark русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилган ва автомашина салонида 50 дона “Зардекс” кучли таъсир қилувчи дори воситаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. 

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, унга мазкур дори воситаларини сотган Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида истиқомат қилувчи, 1997 йилда туғилган фуқаро Тошкент шаҳрида қўлга олинган ва ундан ҳам 300 дона “Зардекс” кучли таъсир қилувчи дори воситаси ашёвий далил сифатида олинган. 

Билдирилишича, ушбу кучли таъсир қилувчи дори воситалари Қирғиз Республикасидан ноқонуний йўллар билан олиб келинган. Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ДХХ ҳамда ИИВ тузилмалари томонидан Ўзбекистон миқёсида 653 та “Қорадори” кенг кўламли тадбирлари ўтказилиб, 228 киши жиноий, 64 киши маъмурий жавобгарликка тортилган эди. Ушбу тадбирлар давомида жами 112 кг 257 гр гиёҳвандлик воситалари (героин, опий, гашиш, синтетик турдаги гиёҳвандлик воситалари) ҳамда 8601 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг аҳоли орасида тарқатилиши тўхтатиб қолинган. Қолаверса, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи давомида тўхтатиб қолинган 287 минг 460 АҚШ доллари ва 569 млн сўм миқдоридаги пуллар далилий ашё сифатида расмийлаштирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент ДХХ прокурор Сирдарё кучли таъсир қилувчи дори таблетка

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг