Тошкент шаҳар ҳокимлиги Бош прокуратурага раддия билдирди
Жамият
−
04 Февраль 9834 2 дақиқа
Кеча, 3 февраль куни Бош прокуратура Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида ҳоким ёрдамчиси 427,7 млн сўмни ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборгани ҳақида ахборот берган эди. Бугун, 4 февраль куни эса Тошкент шаҳар ҳокимлиги бунга раддия берди.
Бош прокуратур ахборотида Шайхонтоҳур туманида фаолият юритган ҳоким ёрдамчиси М.Ф. 20 нафар фуқароларга электрон тарзда берган тавсияномаларига асосан, қабул қилиб олган электрон калитлардан фойдаланган ҳолда жами 427,7 млн сўмлик кредит маблағларини қўлга киритгани, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, жумладан эҳтиёжманд оила аъзоларининг ҳунармандчилик, касаначилик, томорқадан самарали фойдаланиш, кичик ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа турдаги фаолияти йўлга қўйилишини ташкиллаштириш учун ишлатилиши керак бўлган ушбу маблағни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборгани айтилади.
Бундан ташқари, М.Ф. ўзининг қариндошлари ва бошқа 5 нафар фуқароларга маҳалла ҳудудида яшамаган бўлса-да, қалбаки тавсияномалар орқали жами 207,7 млн сўм миқдоридаги кредит маблағлари ажратилишига эришиб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани ҳам маълум қилинган.
Ҳокимлик эса Тошкент шаҳрида бундай тавсифга мос келадиган мансабдор шахс мавжуд эмаслигини маълум қилган.
“Тарқатилаётган маълумотларда М.Ф. деб айтилаётган шахс ўтган йилнинг ноябрь ойида ўз хоҳишига кўра эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Оммавий ахборот воситаларидан ахборотни эълон қилишда ишончлилик, холислик ва масъулият тамойилларига амал қилишларини яна бир бор сўраб қоламиз”, дейилади ҳокимлик баёнотида.
Бироқ мазкур ахборотнинг дастлабки манбаси ОАВ эмас, балки Бош прокуратура саналади. Шунга қарамай ҳокимлик ўз раддиясида Бош прокуратуранинг расмий ахбороти ҳақида лом-мим демаган.
Live
Барчаси