Тошкент халқаро аэропортини шаҳардан ташқарига кўчириш ҳукумат томонидан вақтинча тўхтатиб қўйилди
Жамият
−
17 Февраль 2023
10043Ислом Каримов номидаги "Тошкент" халқаро аэропортини шаҳардан ташқарига кўчириш Ҳукумат томонидан вақтинча тўхтатиб қўйилди. Бу ҳақда 17 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжумани давомида "Uzbekistan Airports" бошқаруви раиси Раъно Жўраева маълум қилди, деб хабар берди анжуманда қатнашган QALAMPIR.UZ мухбири.
2022 йилнинг июнь ойида Раъно Жўраеванинг ўзи Президент ва ҳукумат "Тошкент" халқаро аэропорти шаҳар ташқарисига кўчиришнинг мақсадга мувофиқлигини муҳокама қилаётганини айтиб ўтган эди.
"Uzbekistan Airports" бошқаруви раисининг маълум қилишича, аэропортни кўчириш бўйича ҳозирда ҳеч қандай ҳаракат йўқ.
“Ҳозирча лойиҳа Ҳукумат томонидан вақтинча тўхтатиб турилибди. Ушбу масалада аниқ тўхтамга келинганича йўқ”, дейди Жўраева.
Унинг айтишича, ҳозирда янги учиш-қўниш йўлакларини қуришнинг имкони йўқ.
“Ҳозирда Тошкентга йўловчилар оқими ўсиши суръатларини қўллаб-қувватлаш учун барча ишни қиляпмиз. Шу боис жорий йил охиригача соатига 2400 йўловчига мўлжалланган терминални тезда қуришга мажбурмиз. Ягона фасадли, келиш ва кетишлар бир жойда бўлган, шунинг учун биз кейтерингни бошқа жойга ўтказамиз. Албатта, буларнинг барчаси бизга узоғи билан 2027 йилгача етарли бўлади”, деди у.
Анжуманда таъкидланишича, ҳозирги Тошкент халқаро аэропортини 2021 ва 2022 йилларда модернизация қилиш, ахборот технологияларини ривожлантириш ва лоукостер модели асосида ҳудудий авиаташувчини ташкил этиш мақсадида 2115,1 миллиард сўм сармоя киритилган. 2023-йилда 2394,8 млрд сўм сармоя киритиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, "Uzbekistan Airports" аэропортларда эскирган махсус техникалар паркини босқичма-босқич янгиламоқда. 2021-йилда 5,2 миллион долларга 48 дона, 2022-йилда 14,5 миллион долларга 112 дона махсус техника харид қилинган. 2023-йилда аэропортларда 42,7 миллион доллар эвазига 199 дона махсус техникани янгилаш зарурати мавжуд.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь