Тошкент аэропорти олдидаги кўприкнинг реконструкцияси қанчага тушгани маълум бўлди

Жамият

image

Тошкент халқаро аэропортининг олдида жойлашган кўприкни янгилаш учун 511 млрд сўм сарфланди. Бу ҳақда  “Кўприкқурилиш” АЖ лойиҳа раҳбари Бобур Элмуродов “Ўзбекистон бунёдкори” газетасига маълум қилди.

Билдирилишича, янги йўл ўтказгич бир соат ичида 5 мингта, 24 соат ичида эса 132 минг автомобилни ўтказиш қувватига эга. Лойиҳанинг умумий миқдори эса – 511 млрд сўмни ташкил қилган. 

“Қатнов қисми 4 тасмали ўтказгичнинг умумий узунлиги 693,5 метр, эни эса 62 метрни ташкил қилади. Лойиҳа доирасида пиёдалар ва велосипед йўлаклари ҳамда суғориш тизимлари қурилди. Пиёдалар йўлаги одамларга қулай бўлиши учун нисбатан кенг, яъни 15 метр, велосипед йўлагининг кенглиги эса 13 метр – у бемалол ҳаракатланиш учун етарли”, деган Элмуродов. 

Қайд этилишича, ушбу кўприк замонавий технологиялар асосида йиғма монолит услубида қурилган. Яъни кўприкнинг асосий ўтадиган қисми 42 метрлик тўсинлар орқали барпо этилган. 

“Бундай муҳандислик ишлари биринчи марта қўлланиляпти. Йўл ўтказгичга ўрнатилган тўсиқларни қўллашдан мақсад автотранспорт ҳаракатланаётганда, транспорт ҳодисалари юз берганда, транспортга камроқ шикаст етиши ва ичидаги йўловчиларга тан жароҳати етмасалиги назарда тутилган. Булар ҳам янги технология бўлиб, 360 градусга айланиб ишлайдиган технология ҳисобланади. У ҳам мамлакатимизда биринчи марта қўлланилган”, деган “Кўприкқурилиш” раҳбари. 

Қўшимча қилинишича, бундан ташқари, кўприкка 4 та тушиш (съезд) йўллари ва 2 та клевер қўшилади. Улар монолит усулида барпо этилган бўлади. 
Маълумот учун, Бобур кўчаси бўйлаб ўтган ушбу йўл ўтказгич 1967 йилда қурилган бўлиб, бундан аввал 2008 йилда реконструкция қилинган эди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил август ойида Тошкент халқаро аэропорти яқинида мазкур йўл ўтказгич қурилаётганда унинг бешта тўсини қулаб тушганди. 2024 йилнинг 25 октябрь куни кўприкни Президент Шавкат Мирзиёев масофадан очиб берган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент халқаро аэропорти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг