Ўнга яқин одамни чув туширган аэропорт назоратчиси ушланди
3-саҳифа
−
01 Август 8788 1 дақиқа
Тошкентда фуқароларни аэропортга ишга киритмоқчи бўлган қўриқлаш бўлинмаси назоратчиси қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти Авиация хавфсизлик хизмати қўриқлаш бўлинмаси назоратчиси пойтахтда истиқомат қилувчи фуқарони аэропортда фаолият юритувчи мансабдор танишлари орқали Қўриқлаш бўлинмаси назоратчиси лавозимига ишга киритиб қўйишини айтиб, эвазига 500 АҚШ доллари талаб қилган.
ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ушбу “уддабурон” назоратчи талаб қилинган 500 АҚШ доллари пул маблағини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Дастлабки суриштирув давомида мазкур шахс аэропортга ишга жойлаб қўйиш учун ўнга яқин фуқародан 500-1000 АҚШ доллари миқдорида пул олганига иқрор бўлган.
Билдирилишича, унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 1-қисми ва 28,211-моддаси (Пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳозирда ушбу шахсдан жабр кўрган бошқа фуқароларни аниқлаш юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилоятида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси бош мутахассиси 10 минг доллар, МЧЖ раҳбари эса 4400 доллар пора билан ушланганди.
Live
Барчаси