Тошкент-Истанбул рейси бекор қилиниши норозиликларга сабаб бўлди
Жамият
−
02 Октябрь 2023
10245Ижтимоий тармоқларда Тошкент-Истанбул рейси бекор қилингани, 400 нафарга яқин одам 12 соатдан бери аэропортда кутаётгани айтилган видеолар тарқалиб, кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Ҳолат юзасидан “Uzbekistan Airports” расмий муносабат билдирди.
Билдирилишича, Турк ҳаво йўлларининг THY-371 рейси бўйича Тошкент-Истанбул рейси техник сабабларга кўра бир неча соатга кечиктирилган. Оқибатда авиаташувчи рейсни бекор қилишга қарор қилган.
Жадвалга кўра, бортида 265 нафар йўловчи бўлган А-333 самолёти Тошкент вақти билан соат 02:35 да ҳавога кўтарилиши керак эди. Бироқ самолётда техник носозлик аниқлангани сабабли парвоз кечиктирилган, йўловчилар кутиш залига жойлаштирилган.
“Эрталаб авиакомпания ушбу рейсни бекор қилишга ва йўловчиларни бошқа рейсларда Истанбулга ташишга қарор қилди. Йўловчиларга овқатланиш ва меҳмонхонага жойлашиш ҳам таклиф қилинган”, дейилади ушбу муносабатда.