Тошкент ҳокимига янги ўринбосар тайинланди
Жамият
−
02 Апрель
15203Дурдона Раҳимова Тошкент шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Раҳимова бугунги кунга қадар Ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган эди.
Маълумот учун, Дурдона Шукуруллаевна Раҳимова 1989 йил 8 июнда Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти олий. Меҳнат фаолиятини 2012 йилда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Жиззах вилояти Кенгашининг иқтидорли ёшлар ва ёш олимлар билан ишлаш бўлими мудири лавозимида бошлаган. Ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар Кенгаши раиси лавозимида ишлаган. 2019 йил декабрида Президент Шавкат Мирзиёев Дурдона Раҳимованинг нутқидан сўнг тажриба тариқасида пойтахт туманларидан бирига аёл кишини ҳоким этиб тайинлашни таклиф қилган.
2020 йил март ойида Тошкент шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари этиб тайинланган. 2023 йилнинг январида эса Раҳимова Ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Қашқадарё вилоятидаги Китоб туманига Рустам Ғафуров ҳоким этиб тайинланганди.