Тошкент ҳавоси тозаланмоқда – Ўзгидромет

Жамият 11698
image

Бугун, 7 ноябрь куни соат 11:00 ҳолатига Тошкент ҳавосининг ифлосланиш даражаси нормал деб қабул қилинган концентрациядан 3,3 баробар ошиқ бўлди. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати маркази хабар берди.

Ўзгидромет хабарига кўра, Тошкентда ҳавонинг ифлосланиш даражаси ўтган кунларга нисбатан пасайишни бошлаган. 

Марказ шамол йўқлиги ва автотранспорт воситаларининг камлиги туфайли ҳаво сифати янада яхшиланиши мумкинлигини қўшимча қилган.

Аввалроқ, Ўзбекистонга ёприлган қум бўрони мамлакатдан чекиниб, қўшни давлатларга кўчаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 ноябрь куни Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида, жумладан, Тошкент шаҳри, Сирдарё ва Бухоро вилоятларида кучли шамол эсиб, қумли бўронлар ҳосил бўлди. Кўриш даражаси 500-1000 метргача пасайди. Бунинг оқибатида тупроқнинг жуда қуруқ устки қатлами кўтарилиб, атмосфера ҳавосидаги чанг миқдори белгиланган меъёрдан 30 баробар ошди.

Шамол авж олган маҳалда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасига ўрнатилган ҳавонинг ифлосланишини аниқлаш мосламаси пойтахт ҳавосини “ўта носоғлом”, деб баҳолади.

“Ўзгидромет” кузатувларига кўра, сўнгги 150 йил ичида Ўзбекистонда бундай чангли ғубор ҳодисаси кузатилмаган. Синоптиклар 12 ноябргача мамлакатда ёғингарчилик кутилмаётганини, шу сабабли ҳаводаги чанг яна бир муддат сақланиб қолиши мумкинлигини маълум қилди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 369
Рейтинг: 3.1
t
×