“Толибон” Россиядан афғонларга виза беришни соддалаштиришни сўради
Олам
−
16 Июль 2023
6282“Толибон” муваққат ҳукумати Ташқи ишлар вазири Амирхон Муттаки Россиянинг Қобулдаги элчиси Дмитрий Жирновдан афғонларга виза беришни соддалаштиришни сўради. Бу ҳақда “TOLOnews” Telegram-каналида хабар берди.
Қайд этилишича, улар ўртасидаги учрашувда Амирхон Муттаки Жирновдан афғон тадбиркорларига виза берилишини осонлаштиришни сўраган.
Шунингдек, Россия Федерациясининг Қобулдаги элчиси Дмитрий Жирнов Амирхон Муттакини Афғонистон бўйича “Москва формати”даги бўлажак йиғилишга таклиф қилган.
Муттаки эса йиғилишни минтақа давлатлари ўртасида мувофиқлаштиришни йўлга қўйиш учун муҳим деб атаган.
Маълумот учун, “Москва формати” 2017 йилда Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш учун яратилган. 2018 йилда “Толибон” ва ўнта давлат – Россия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Эрон, Қирғизистон, Хитой, Тожикистон, Ўзбекистон, Покистон ва Туркманистон иштирокида илк бор бир музокара бўлиб ўтган.
2022 йилнинг сентябрь ойида Россиянинг Афғонистондаги элчихонаси визалар ва ҳужжатларни беришни тўхтатиб қўйган эди. Бунга Қобулдаги элчихонанинг консуллик бўлими яқинида содир бўлган портлаш сабаб бўлган. Ҳужум оқибатида дипломатик миссиянинг икки ходими ҳалок бўлган.
LiveБарчаси