“Толибон” хотин-қизларнинг таълими қачон ва қай шаклда тикланишини очиқлади
Олам
−
28 Декабрь 2022 6271 1 дақиқа
Афғонистон раҳбарияти 2023 йилнинг март-апрель ойларида хотин-қизларнинг таълим жараёни бўйича қарор қабул қилмоқчи. Бу ҳақда кеча, 27 декабрь куни "Толибон" ҳаракати томонидан тузилган муваққат ҳукуматдаги кон ва нефть саноати вазири Шаҳабуддин Делавар маълум қилди, деб хабар бермоқда “Ariana News” телеканали.
“Ҳамал ойигача (21 март – 20 апрель), Худо хоҳласа, шариат ва афғон анъаналарига мос келадиган ўрта мактаблар, бошланғич мактаблар ва университетлар бўйича қарор қабул қилинади”, дейди Делавер.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 декабрь куни “Толибон” ҳаракати мамлакат университетларидан талаба қизлар учун дарсларни кейинги огоҳлантиришгача тўхтатишни талаб қилди. Бунинг ортидан АҚШ маъмурияти ўз иттифоқчилари билан биргаликда Афғонистондаги олий ўқув юртларида қизларнинг ўқиши тўхтатилгани муносабати билан “Толибон” ҳаракатига қарши чора кўришни режалаштираётгани маълум қилинди.
"Толибон"га кўра, бундай қарорга “[университет] ётоқхоналарида аёлларнинг бўлиши ва уларнинг вилоятлардан [ўқиш учун] эркаклар ҳамроҳлигисиз келиши, талаба қизларнинг ҳижоб ўраш қоидаларига риоя қилмаслиги, эркак ва аёлнинг биргаликда ўқиши, баъзи факультетларда қизларнинг ўқитилиши ислом қонунларига зид ва афғонларнинг ғурурига путур етказиши сабаб бўлган.
Live
Барчаси