“Толибон” ИШИД етакчисини йўқ қилди – Оқ уй вакили
Олам
−
26 Апрель 2023
6469“Толибон” вакиллари 2021 йилда Қобул халқаро аэропортига кираверишда ҳужумни режалаштирган ИШИД террор ташкилоти етакчисини йўқ қилди. Бу ҳақда Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби маълум қилди.
У операция натижасида йўқ қилинган террорчини 13 америкалик ҳарбий ва камида 170 афғонистонлик қурбон бўлган ҳужумлар ташкилотчиси деб атаган.
“Биз “Толибон”га Ал-Қоида бўладими, ИШИД бўладими, террорчилар учун хавфсиз бошпана бермасликлари кераклигини аниқ тушунтирдик”, дейди Оқ уй вакили.
Шунингдек, у АҚШ нафақат Афғонистонда, балки дунёнинг турли бурчакларида тарқалаётган ИШИД таҳдидига қарши курашни давом эттиришини билдирган. Бироқ террорчининг шахси ва операция вақти ҳақида маълумотлар ошкор қилинмаган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ “Толибон” муваққат ҳукумати томонидан тузилган хавфсизлик кучлари ИШИД террорчилик гуруҳининг ячейкасини йўқ қилганди. Афғонистоннинг Балх вилояти маъмурият идорасида худкуш томонидан содир этилган портлаш ортидан ҳам операция ўтказилиб, натижада ҳужумга алоқадор барча гуруҳ аъзолари қўлга олинди. Ушбу операция давомида гуруҳ аъзолари Тожикистон фуқаролари бўлиб, яқинда ҳужумни амалга ошириш учун Афғонистонга жўнатилгани исботланди.
LiveБарчаси