“Толибон” Афғонистонда радикал давлат қурмоқчими?

Олам

image

“Толибон” Афғонистонда ҳокимият бошига келса, қандай давлат қуради? Бу давлат радикал характерга эга бўлмайдими? Ушбу савол билан QALAMPIR.UZ раҳбари Қамариддин Шайхов Туркия ташқи сиёсат институти директори, академик, профессор, сиёсий фанлар доктори Ҳусайин Бағчига юзланди.

“Толибон” бошқарувидаги Афғонистоннинг радикал Ислом билан муваффақиятга эришиши мумкин эмас. Айни вақтда муваффаятли бўлишлари мумкин, аммо ижтимоий соҳада ютуққа эришмасликлари кўпроқ аён. Шу боис дунёга очилишлари керак. Мамлакатни ёпиб қўя олмайдилар, зотан бу минтақада ёпиқ бўлишлари ҳам мумкин эмас. Чунки АҚШ, Хитой, Россия бу минтақада. Ҳукумат тепасига келганлар бу кучлар билан, шунингдек минтақадаги бошқа кучлар – Ўзбекистон ва Қозоғистон билан мулоқот қилишга мажбур. Чегараларни биргаликда қўриқлаш ва мамлакатни ривожлантириш учун ёрдам олишга мажбур. Хорижий инвестициялар келмаса, Афғонистон ўзини янгидан иншо эта олмайди”, дейди сиёсатшунос.

Ҳозирча “Толибон” бошқа мамлакатларга хавф туғдирмади ҳам дейлик, лекин “Толибон” радикал давлат қуриш йўлини танласа, у билан бошқаларнинг алоқаси қандай бўлади? Бу саволга Ҳусайин Бағчи қуйидагича жавоб берди: 

“Толибон” – ИШИД эмас. Яъни кўчада инсонларни қатл қиладиган, уларга азият етказадиган... Уларнинг халифалик қуриш мақсади ҳам йўқ. Тан олиш керак, бошидан то бугунгача “Толибон” – модерн тараққиётга қарши бўлган, идеологияларини фақат диний қоидаларга мос равишда шакллантирган бир ҳаракат.  Аммо ИШИД ва “Толибон” умуман бошқа-бошқа. Афғонистон миллий пул бирлигини босиши шарт эмас, чунки бор. Давлатнинг ўз чегаралари, ерлари бор. ИШИД эса Сурия ва Ироқда ерга эгалик қилишни истаётганди. Афғонистоннинг бундай дарди йўқ. Афғонистоннинг дарди – ўз тупроқларини ҳимоя қилиш.

Бу мавзуда давлатлар нуқтайи назаридан шуни айтишим мумкинки, давлатлар ақлли иш юритадилар. Қайси идеологиядан бўлишидан қатъи назар Шимолий Кореядагидек коммунист режими бўладими, Эрон ёки Афғонистондаги “Толибон”ми, истаса-истамаса ички фаровонликни таъминлаш ва ташқи алоқаларни юритишга мажбур. 

Агар қўшни мамлакатлар “Толибон”ни ўзларига бир таҳдид деб билишса, у ҳолда “Толибон”нинг иши жуда қийин бўлади. “Толибон” қўшни мамлакатлар билан низоли вазиятларга тушмасдан, энг камида ҳозирча тинч-тотув яшашга мажбур. Мен агар “Толибон” ҳокимият тепасига келса, янада ақлли йўл тутишига, ўз сиёсатини минтақада янада кенгайтиришига ишонаман”.

Қайд этиш керакки, “Толибон” Марказий Осиё давлатлари чегарасини бирон марта бузиб ўтмаган ва ҳатто, бундай нияти ҳам йўқлигини такрор ва такрор таъкидлаётган бўлса-да, Афғонистонга қўшни давлатлар толибларнинг ҳарбий фаоллашувидан хавотирда. Жумладан, Тожикистон Афғонистон чегарасида ҳарбий машғулотлар ўтказмоқда. Ушбу жараёнда эса Россия, Ўзбекистон ва Қирғизистон қўшинлари ҳам иштирок этмоқда.

Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди. 

Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, ИталияАвстралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Толибон

Баҳолаганлар

84

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг