Ўзбекистонда бошқа давлатлар “юмшоқ кучи”нинг таъсири ошиб бормоқда
Таҳлил
−
20:00
4286Путин Остона минбаридан туриб яна рус тили ҳақида гапирганини эшитдингизми? Яқинда, яъни 27 ноябрь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин давлат ташрифи билан Остонага келганди. Асосий мақсади Коллектив хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказиш, иштирокчи давлатлар билан минтақавий ва халқаро хавфсизлик масалаларини муҳокама қилиш бўлган ташриф давомида Путин давлат тили қозиқча, туркий бўлган Қозоғистонни деярли русийзабон давлат деб атади.
“Афсуски, нима қилиш ва қандай қилиш кераклиги ҳақида ўз фикрига эга ва давом этаётган жараёнларни танқид остига оладиган одамлар жуда кўп. Россияда ҳам, Қозоғистонда ҳам. Ва бу танқид ҳар доим ҳам давлатлар, жумладан, Россия давлати манфаатларига мос келмайди. Бу ҳар доим ҳам фойдали эмас. Менимча, бу алоқаларни ривожлантириш учун ҳамма нарса қилиш керак. Лекин ҳеч қандай ҳолатда муносабатларимизни бузадиган қадамлар қўймаслигимиз керак”, дейди у.
Ўзи умуман, ҳеч сезганмисиз? Путин ёки Россиянинг бошқа бир мулозими қачон, қаерга, қайси мавзудаги учрашувларга бормасин, албатта рус тили ҳақида гапирмай қайтмайди. Ёки Россия ва Марказий Осиёнинг умумий тарихи бор деган гап бундай мажлисларда бир марта бўлса ҳам айтилмаса ҳисобмас. Аммо нега?
Масалан, Путин Қозоғистонда рус тилини мақтаб ётган бир пайтда “Россотрудничество” Ўзбекистонда декабрдан бошлаб Ғалабанинг 80 йиллиги байрамига тайёргарлик бошлашини айтиб қолди. Тошкентда Агентликнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ирина Старосельскаянинг айтишича, юбилей доирасида “Хотира боғи”, “Хотира шами”, “Ғалаба мактуби” каби анъанавий акциялар ўтказилади. 9 май келишига 6 ой аввалданоқ тайёргарлик кўришга Россияни нима мажбур қиляпти?
Усиз ҳам Ўзбекистондаги энг кўп хорижий таълим марказларига эгалик қилувчи ва ҳатто Ўзбекистонда дипломатлар тайёрловчи Россия бу ерда яна икки таълим марказини очишни режалаштирмоқда. Мақсад?
Бугунги видеода юмшоқ куч, айни пайтда Украина билан уруш олиб бораётган Россиянинг Марказий Осиёдаги бошқа бир кураши – тил, тарих, таълим сиёсати ва унга бошқа давлатларнинг реакцияси, қарши кураши, умуман олганда Марказий Осиё мамлакатларининг тил курашлари майдонига айланиб бораётгани ҳақида гаплашамиз.
Юмшоқ куч
Давлатлар дунё миқёсида ўз манфаатларини илгари суриш учун икки хил сиёсатдан фойдаланишади. Hard Power – Қаттиқ куч ҳамда Soft Power – “Юмшоқ куч”.
“Қаттиқ куч”да мамлакатлар ўз манфаатларини хизмат қилувчи ишларни бошқа давлатларга турли воситалар орқали мажбурлаш, санкциялар, қуролли тўқнашувлар, ёки катта урушлар орқали амалга оширишдир. Ундан фарқли ўлароқ “Юмшоқ куч” бу бир давлат ўз манфаатларини бошқаларнинг манфаат ва истакларига айлантириши, ўзи хоҳлаган нарсага бошқаларни мажбурлаб, босим қилиб эмас, қизиқтириш орқали эришишишидир. Бунда бир мамлакат иккинчисига таклиф қилган ғоя охир оқибатда яна биринчисининг манфаатига хизмат қилади.
ХХ аср охиригача халқаро сиёсатда “ҳард поwер”, яъни “қаттиқ куч” асосий рол ўйнаган бўлса, ХХИ асрга келиб “софт поwер”, яъни “юмшоқ куч” асосий ўринга чиқиб улгурди. Бугун ҳар қандай давлатда, у хоҳ АҚШ бўлсин, хоҳ бошқаси бошқаларга таъсир ўтказиш кучи чекланган. Шундай экан, “юмшоқ куч”нинг аҳамияти ошаётгани бежиз эмас”, деган сиёсатшунос Суҳроб Бўронов.
Бунда мамлакатлар асосан юмшоқ куч сифатида ўз тили, маданияти, ташқи сиёсати, сторт, таълим каби ёналишлардан фойдаланади. Улар орасида энг оммабопи ва натижадори тил.
Россия. Рус тили
Россия рус тилидан ташқи сиёсатда “юмшоқ куч” сифатида фойдаланишини ҳеч қачон яширмаган. Масалан, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров рус тили Россиянинг жуда таъсирчан, кучли юмшоқ кучи эканини тан олган.
“Албатта, рус тилидек буюк мўъжиза бизнинг жуда кучли юмшоқ кучимиздир. Бу жуда фойдали, очиқ, ижобий юмшоқ куч. Албатта, биз дўст бўлган мамлакатларда рус тили курсларини ташкил қиламиз. Марказий Осиё, Озарбайжон, Арманистонда рус мактаблари, жумладан, бизнинг Таълим вазирлиги дастурлари, Россия олий ўқув юртлари филиаллари асосида ташкил этилган”, деган Лавров.
Дарҳақиқат, бу тилни бошқа мамлакатларга ёйиш учун мамлакат деярли ҳамма нарсага тайёр. Бу тил ҳақида кимдир, нимадир деб танқид айтадиган бўлса борми эҳҳе, унга нақ Россия Ташқи ишлар вазирлигидан жавоб қайтади. У тилни чеклашга уринишлар Россия томонидан кечирилмайди ва ҳатто урушгача бориши ҳам мумкин. Бу тилни бошқа мамлакатларга тарғиб қилишни мамлакатнинг президентидан тортиб кичик амалдоригача елкасига олган. Улар рус тили борасида Марказий Осиёга деярли барча айтганини қилдира олади. Масалан, жорий йилнинг 31 октябрь куни Ўзбекистонда Россия Президенти Владимир Путин кутаётган ҳужжатга имзо чекди. Бу рус тили бўйича халқаро ташкилотни таъсис этиш тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги ҳужжат эди. Энг қизиғи рус тили бўйича халқаро ташкилот тузиш ғоясини ҳам Қирғизистон пойтахти Бишкекда 2023 йил 13 октябрь куни бўлиб ўтган МДҲ давлатлари раҳбарлари саммитида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев таклиф қилганди.
Кейинчалик, саммитда МДҲ давлатлари раҳбарлари рус тилини миллатлараро мулоқот тили сифатида қўллаб-қувватлаш ва тарғиб қилиш тўғрисидаги баённи ҳамда “Халқаро рус тили ташкилотини таъсис этиш тўғрисида”ги шартномани имзолаган. Лекин шу билан бир йил давомида бу ҳақида ҳеч ким гапирмай қўйганди.
Аммо шу йилнинг 8 октябрь куни Москвада бўлиб ўтган МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашида Россия Президенти Владимир Путин Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг барча давлатлари Халқаро рус тили ташкилотини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани тез орада ратификация қилишини кутаётганини айтганди.
Рус тили бўйича халқаро ташкилотни таъсис этиш тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси қонуни 2024 йил 18 октябрида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан, 24 октябрда Сенат томонидан тасдиқланган. Ўзбекистон бу қонунга имзо чеккан охирги мамлакатлардан эди. Чунки бугунги кунга қадар шартнома Россия, Беларус, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Озарбайжон томонидан ратификация қилиб бўлинган. 28 ноябрь куни Остонадаги саммитда Қозоғистон Халқаро Рус тили ташкилоти бюджетига 43 миллион тенге тўлайдиган ҳам блди.
Аслида мазкур ташкилотдан мақсад – рус тилида сифатли таълимни ривожлантириш бўлган. Бу йўлда “Рус тили ва адабиёти” ва “Рус тили чет тили сифатида” йўналишлари бўйича ўқитувчилар ва илмий кадрлар тайёрлашга кўмаклашиш ушбу соҳада мутахассислар захирасини шакллантириш вазифаси қўйилган.
Аммо Путин хоҳлаётган асосий жиҳат бу усиз ҳам ўзаро суҳбатларда муттасил фойдаланилаётган рус тилини расман давлатлараро мулоқот тили белгилаш бўлган. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров мазкур саммитга келар экан, Россиянинг мақсадларидан бири айнан мана шу эканини яширмаган. У 12 октябрь куни, ҳали саммит бошланмасиданоқ МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида рус тилининг мақомини оширишни муҳокама қилган эди.
“Ташкилот рус тилини давлатлараро мулоқот тили сифатида қўллаб-қувватлайди ва тарғиб қилади. МДҲ давлатларининг ушбу масалаларда ҳар томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорлигини мустаҳкамлайди. Ташкилот фаолияти дўстлик, яхши қўшничилик, миллатлараро тотувлик, ишонч ва ўзаро ҳамжиҳатлик тамойилларига асосланади”, дейилган ташкилот низомида.
Айни пайтда ўз қардоши ҳисобланган украинлар билан уруш олиб бораётган Россия “миллатлараро тотувлик” таъминлашга ваъда беряпти. Аммо бу Россиянинг рус тили борасидаги ягона сиёсати эмас. Мамлакат борган сари тил борасида қатъийлашмоқда. Масалан, энди Россияга ишлаш мақсадида келадиган мигрантлар рус тилини билишлари шарт.
31 октябрь куни Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев рус тилини билмайдиган муҳожирлар фарзандларини мактабга қабул қилишни тўхтатиш вақти келганини айтди.
“Ижтимоий фаолият жойларида тез-тез муҳокама қилинадиган вазият мавжуд – бу мактаблар ва бошқа таълим муассасалари. Мигрантларнинг болалари у ерга рус тилини билмай боряпти. Бундан умумий таълим даражаси зарар кўради. Буни ҳамма билади ва буни тугатиш вақти келди”, деган у давлат миграция сиёсати бўйича йиғилиш якунлари бўйича нутқида.
Россиянинг тил сиёсатини бунчалик маҳкам ушлашишининг сабаби нимада? Гап шундаки, Путин қачонлардир Россиядан алоҳидаланган собиқ Иттифоқ давлатларини айнан рус тили орқали қайта бирлаштиришга уринади ва буни яширмайди ҳам.
Россия кези келса, тил каби “юмшоқ куч” воситасидан “қаттиқ куч” сифатида ҳам фойдаланади. Айни пайтда Украина билан уруш олиб бораётган мамлакатнинг 2022 йил 7 март санасида эълон қилинган “Тинчлик шартномаси” лойиҳасида ўзининг қуролли ҳужумларини тўхтатиш эвазига “Украинада рус тилига Давлат тили мақомини беришни” шарт қилиб қўйган.
Россиянинг тилдек “юмшоқ куч” воситасини бунчалик қаттиқ юритаётганининг, бу мавзуга маҳкам тирмашиб олганининг сабаби сифатида эса халқаро майдонда рус тилининг энг кўп гаплашиладиган тиллар рўйхатида 4 ўриндан 9 ўринга тушиб қолганидир. Бугун марказий Осиёдан бошқа давлат фуқаролари рус тилидан халқаро тил сифатида фойдаланиишдан чекиняпти.
Инглиз тили
Энг кўп гаплашиладиган тилларнинг биринчи ўринида эса инглиз тили. Инглиз тилида гаплашувчи АҚШ ва Буюк Британия каби йирик дунё давлатлари ҳам йилдан йилга бу тилнинг ривожланиши ва кенг тарқалиши учун ҳаракат қилади. Россиядан фарқли равишда улар инглиз тилини ўрганиш эвазига дунёқараш кенгайиши, ривожланган мамлакатларда қийинчиликсиз ишлаш ва яхшироқ даромад кўриш мумкинлигини таклиф қилади. Шу билан биргаликда улар қайси мамлакатда инлиз тили кўпроқ ўрганилаётганининг ҳам ҳисобини доимй равишда юритиб боради. Ана шундай ҳисоблардан бири жорий йилнинг 13 ноябрь куни эълон қилинди.
2024 йилги EF English Proficiency индексига кўра, Ўзбекистон аҳолиси инглиз тилини билиш даражаси паст мамлакатлар қаторидан жой эгаллади. Бу йил Ўзбекистон 114 та мамлакат орасида 98-ўринни эгаллаган. Бу ўтган йилги натижадан пастроқ: 2023 йилда Ўзбекистон 113 та мамлакат орасида 93-ўринда эди. Ўз навбатида, ўзбекистонликларнинг инглиз тилини билиш борасидаги ўртача рейтинг балли ҳам 442 дан 439 гача пасайган (максимал балл – 700).
Ўзбекистон 2018 йилдан бери ушбу тадқиқотга иштирок этмоқда. Ўша йилда Ўзбекистон 88 та мамлакат орасида 86-ўриндан жой олганди. Ушбу тадқиқотда 18 ёш ва ундан юқори иштирокчилар натижалари инобатга олинади.
Рейтингда биринчи ўринни ўтган йиллардаги каби Нидерландия эгаллаган. Дастлабки ўнталикка Норвегия, Сингапур, Швеция, Хорватия, Португалия, Дания, Греция, Австрия ва Германия кирган. Қўшни мамлакатлардан Қирғизистон 88-, Афғонистон 95-, Қозоғистон 103- ва Тожикистон 109-ўринда жой эгаллаган.
Аммо бу рейтингга қарамай Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари инглиз тилини ўрганишга куч бермоқда. Одатда бу тил давлатларни рус тили босимидан қутқаришда вариант сифатида кўрилади. Масалан, Мўғулистон мактабларида асосий хорижий тил сифатида рус тили ўрнини инглиз тили эгаллаган.
Жорий йилнинг июнь ойида эса Зеленский Россияга аччиқ қилиб Украинада инглиз тилининг мақомини мустаҳкамлайдиган қонунни имзолади. Ўзбекистион мактабларида рус тили соатлари ҳафтасига 2 соат ўқитилса, инглиз тили 3 соатдан ўтилади. Хуллас, бошқа давлатлар имкон қадар рус тили босимидан қочишга уринмоқда. Марказий Осиё давлатлари эса бунга қанча ҳаракат қилмасин бундан қутилолмаяпти. Шу сабабли ҳам улар айнан инглиз тилидан бу йўлда фойдаланишга ҳаракат қилади.
Минтақада кечаётган тил курашини оға-ини давлатларнинг ўзлари эҳтимол сезмаётгандир. Аммо дунё синчковлик билан кузатяпти, талашяпти. Туркия ҳам.
Туркия. Умумий туркий тил
Туркия бутун туркий халқларни туркий тил орқали бирлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Бу мақсад йўлида жорий йилнинг 11 сентябрь куни Озарбайжоннинг Боку шаҳрида Халқаро турк академияси ва Турк лингвистлари жамияти томонидан туркий давлатлар учун умумий алифбо тасдиқланганди. Жами 34 ҳарфдан иборат бўлган мазкур алифбо лойиҳаси аслида 33 йил олдин, яъни 1991 йилда таклиф қилингани ва илк бор барча туркий олимлар томонидан маъқуллангани ҳақида аввал ҳам гапирганмиз. Аммо 11 сентябрь кунги мажлис мажлислигича қолиб кетмади. 6 ноябрь куни ҳам бу мавзу кўтарилди. Кўтарилганда ҳам Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг 11-йиғилишида Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған томонидан тилга олинди. Ташкилотга аъзо беш давлат – Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон шунингдек, ташкилотдаги кузатувчи мамлакат – Венгрия давлат раҳбарлари иштирок этган ушбу саммитда Эрдўған қардош мамлакатларни ягона алифбога тезроқ ўтишга чақирди. Унинг айтишича, Озарбайжон, Туркия ва Шимолий Кипр бу алифбога ўтишга таппа тайёр. Эрдоған бошқа туркийларнинг қарорини кутяпти.
“Бу борадаги саъй-ҳаракатлар ва ишларни кучайтириш керак. Барча қийинчиликларни енгиб, ўзаро муаммоларни бартараф этиш орқали биз туркий дунёнинг тарихий уруғини биргаликда экишимиз мумкин. Мен бунга ишонаман. Агар биз Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ҳамкорлик қилсак, ўзгариш зарур деб ҳисоблайман. Туркия, Озарбайжон, Шимолий Кипр ягона турк алифбосига ўтишга тайёр. Биз Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Туркманистон қарорларини кутмоқдамиз”, деди Эрдўған ҳамкасбларига.
Қозоғистон Президенти Қосим Жўмарт Тўқаев эса туркий халқлар тил билан бирлаша олиши учун улар аввало ахборот маконида бирлашишлари керак деган фикрда. У Туркий дунё учун ягона ахборот маконини яратиш мақсадида кабель телеканалларини ўзаро эфирга узатишни таклиф қилди. Бу дегани Қозоғистон телеканалларини Ўзбекистонда, Ўзбекистон телеканалларини эса бошқа туркий давлатларда бемалол кўриш имконидир. Тўқаевнинг фикрича, бу туркийларни янада яқинлаштиради.
Аммо бу ишлар ўз ўзидан бўлмайди. Бунинг учун катта пул керак. Рус тили ривожланиши учун миллион тенгелаб пул ажратмоқчи бўлган Қозоғистон ҳам, ёки бошқа туркий давлатлар ҳам ўз умумий тилларини ривожлантириш, бирлаштириш учун аниқ пул тикмаган. Мажлисда Озарбайжон Президенти Алиев айнан шуни айтди.
Туркий тилларда гаплашувчиларнинг бирлашуви ҳатто шу даражага етдики, улар умумий мадҳия ҳам яратмоқчи. Хўш, бу ташаббус кимдан чиқди – яна Туркия.
Туркий давлатлар Санъат университетлари иттифоқи раиси ва Анқара Мусиқа ва тасвирий санъат университети ректори Эрҳан Ўзденнинг маълум қилишича, бугун туркий давлатларни бирлаштирувчи умумий мадҳия яратиш ишлари аллақачон бошланган. Ушбу мадҳияда туркий халқларнинг бой тарихидан илҳом олинган ҳолда уларнинг ўзига хос маданияти сўз ва мусиқада акс эттирилади.
Эрҳан Ўзденга кўра, мадҳия маросимлар учун ёзилади ва у туркий халқларни бирлаштирадиган миллий ва маънавий қадриятларни акс эттиради. Унинг сўзлари ва мусиқаси мутахассислар гуруҳи томонидан ишлаб чиқилади, бунда барча учун тушунарли ва мантиқий сўзлар танланади.
Қайд этилишича, Туркий давлатлар санъат соҳасида умумий ва энциклопедик луғат яратиш устида ҳам иш олиб бормоқда. Ушбу луғатда туркий халқлар орасида қўлланиладиган санъат терминлари жамланиб, келгусида ягона терминология яратишга хизмат қилади. Луғат турли санъат соҳалари учун алоҳида боблар сифатида ташкил қилинади ва унда терминларнинг келиб чиқиши, туркий халқлар маданиятида қўлланилиши кўрсатилади.
Билдирилишича, луғат 1-2 йил ичида, мадҳия эса ундан олдинроқ тайёр бўлиши кутилмоқда.
Хўш, буларнинг барчасига, туркий тилларни ривожлантириш, алифбо, мадҳия, луғатларга нима эҳтиёж бор дерсиз. Гап шундаки, бугун алифбосию, тилини бирлаштиришга уринаётган, ўзларини туркийлар наслиданмиз деб керилдиган туркий халқлар ҳали ҳам кўришиб қолса, ўз тилларида эмас, рус тилида ўзаро мулоқот қилади. Бу эса Туркияга ёқмаяпти. У буни йўқ қилиш учун “юмшоқ куч”дан фойдаланмоқчи кўринади.
Ўзбекистончи? Бугун 37.5 млрд аҳолига эга мамлакатнинг “юмшоқ кучи” борми? Мутахассисларнинг айтишича, йўқ.
Ўзбекистон. Ўзбек тили
“Хўш, бугун “юмшоқ куч” Ўзбекистон учун қандай аҳамият касб этади? Фикримча, Ўзбекистон ташқи сиёсатида “юмшоқ куч” стратегиясини ишлаб чиқиш вақти келди. Бизда ҳали бундай стратегия йўқ. Шунингдек, бундай стратегияни ишлаб чиқишдан аввалги бир қатор муаммо ва тўсиқлар ҳам бор. Бизда бундай куч стратегиясини ишлаб чиқишда келган бўладиган ресурслар бизда бор, механизм йўқ”, деди Бўронов.
Ҳа, бугун Лавров таъбири билан айтганда жуда қудратли юмшоқ куч – тил тарғиботига Ўзбекистон кўп эътибор бермайди. Хорижий минбарлар тугул ҳатто давлат миқёсида юқори минбарларда ўзбек тили, унинг аҳамияти ҳақида фақат байрамдан бошқа пайтлари гапирилмайди. Шу соҳага масъул ташкилотларнинг овози чиқмайди. Кўчаларда эса йот сўзлар тиқилиб ётибди. Аммо ўзбек тили сиз ўйлаганчалик, кичик тил эмас. У ҳам аслида “юмшоқ куч” бўла олади. Ўзбек тили туркий тиллар орасида турк тилидан кейнги иккинчи ўринда турувчи энг катта тилдир. Бу тил барча туркий тилларнинг ўртаси, барча тиллар учун энг тушунарлиси ҳисобланади.
“Миллат ва тил масаласи. Маълумотларга кўра, бугунги кунда 60 миллиондан ортиқ инсон ўзбек тилида сўзлашади. Бу дегани дунёдаги ўзбеклар сони 60 миллионга яқинлашган. Биз агар бу тилни дунёдаги таъсири, равнақини хорижда оширишга ҳаракат қилсак, тарғиботини кучайтирсак, буни “юмшоқ куч”нинг жуда катта воситасига айлантиришимиз мумкин. Чунки Ўзбекистондан ташқарида жуда кўплаб ўзбеклар, нуфузли ўзбеклар яшайди. Улар орқали кўплаб мақсадларни амалга оширишимиз мумкин. Аммо бу борада ҳам ишларимиз сезилмаяпти”, деди Суҳроб Бўронов.
Масалан, энг сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистон, Шарқий Туркманистон, Тожикистон, шимоли-ғарбий Хитой ва Афғонистон шимолида миллионлаб одамлар айнан ўзбек тилида сўзлашади. Бу ҳудудларда ўзбек тилида сўзлашувчилар яшайди:
- Афғонистон 2,9-3,2 миллион;
- Тожикистон 1,3-2 миллион;
- Қирғизистон 1,2 миллион;
- Қозоғистон 800 минг;
- Туркманистон 600 минг;
- Бошқа давлатлар, масалан Эрон каби бошқа давлатларда 100-200 минг.
Ўзбеклар Афғонистондаги энг катта диоспора вакиллари ҳам ҳисобланади. Аммо ҳох ишонинг, хоҳ ишонманг ёнимизда яшаётган ўзбеклар сиз ҳақингизда. Ўзларидан бошқа ўзбеклар борлиги ҳақида эшитмаган.
Аммо Ўзбекистон ўз юртидаги ўзбеклардан бошқа ўзбеклар ҳақида ҳам қайғурадими, у ерларда ўзбек тили тарғиботига эътибор қаратадими деб сўрасангиз бу саволга ҳам ҳа деб жавоб бериш қийин бўлади. Бугун ўзбек тилини ўрганиш истагидаги айрим, кам сонли хорижлик фуқаролар ўзбекистоннинг ўзида ўқитилса, хориждагилар учун ўзбек тили тарғиботи яхши олиб борилмайди. Афғонистонда яшовчи ўзбек миллатдошимиз Жунайдбек Ботирнинг айтишича, уердаги ўзбеклар ҳатто ўзбек телеканалларини бепул томоша қила олмайди. Улар бу тилни фақат ва фақат ўз ота-онасидан, оиласи даврасидан ўргана олади холос.
Бугун дунё мамлакатлари ўз тиллари, маданияти ва урф-одатларининг сақланиб қолиши, дунёга танитиши учун миллиардлаб маблағ сарфлайди. Ўзбекистонда ҳам Давлат тилини ривожлантириш департаменти мавжуд ва айнан мазкур департаментнинг вазифалари қаторида шундай белгилаб қўйилган:
“Давлат тилининг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузи, унинг бошқа тиллар билан алоқалари истиқболларини белгилаш, хорижда истиқомат қилувчи ватандошлар ва ўзбек тилини ўрганиш истагида бўлган чет эл фуқаролари учун ўзбек тили дарсликлари ва электрон дастурларни ишлаб чиқиш ва уларни кенг миқёсда тарқатиш, ўзбек тилини ўргатиш бўйича махсус курсларни ташкил этиш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга оширади”, дейилган ҳужжатда.
Хўш шундай дейилган экан, бу норма амалга тадбиқ этилаяптими? Очиғини айтганда узоқ ўлкалар у ёқда турсин, ҳатто Ўзбекистоннинг ён қўшниси ҳисобланган Афғонистонга, у ерда яшовчи миллатдошларга ўзбек тили дарсликлари етиб бораяпти, деб бўлмайди.
Америка федерал комиссияси собиқ раиси Нютон Меноунинг фикрича, бугун “ғоялар учун сарфланган 1 доллар маблағ бомбалар учун сарфланган 100 доллар қийматга тенг”. Дунё сиёсати ҳар куни, ҳар соатда эмас, ҳар дақиқада ўзгариб турган бир пайтда ҳар бир давлат ўз кучини, маданий, сиёсий, ташқи томонлама кучини ошириб бормаса, бошқаларнинг товони остида қолиб кетиши табиий кўринади. Шу сабабли ҳам мутахассислар, сиёсатшунослар Ўзбексистон ўз “юмшоқ куч”ини ишлаб чиқиши керак, деган фикрда.
Шундай қилиб, Путиндан, Россиядан бошланган суҳбатимиз мана Афғонистонда ўз якунига етди. Буларнинг ўртасида муҳокама қилингани эса Марказий Осиё ва Ўзбекистон. Минтақада юмшоқ куч, тил кураши тобора авж олмоқда. Туркий давлатлар эса худди коптокдек ўртада сарсондек. Агар Ўзбекистон ҳам вақтида ўз “юмшоқ кучи”, тили ва маданиятини бошқа ўлкаларда ёйиш ҳақида бош қотирмас экан, охири оғир бўлиши аниқ. Сиз юмшоқ куч борасида қандай фикрдасиз? Фикрингизча, ўзбек тили Ўзбекистон учун “юмшоқ куч” бўла оладими? Мамлакатда қайси тилга кўпроқ аҳамият қаратиш керак, сизнингча? Бу саволга 60 миллион ўзбекзабонларнинг қани қанчаси жавоб берак экан, изоҳлар орқали аниқлаймиз.
LiveБарчаси