“Толибон” Афғонистон шимолидаги икки вилоят марказини эгаллади

Жамият

image

“Толибон” ҳаракати Афғонистон шимоли-шарқидаги Боғлон вилояти маркази Пули-Хумри ва Бадахшон вилояти маркази Файзобод шаҳрини ўз назоратига олди. Бу ҳақда ҳаракат вакили Забиҳулла Мужоҳид маълум қилди.

Таъкидланишича, толиблар провинция маъмурий маркази, полиция қароргоҳи, маҳаллий разведка бошқармаси ва бошқа идораларни эгаллаган. Улар афғон армиясининг қолган ҳарбийларини сиқиб чиқаришни давом эттиряпти.

“Tolo News” телеканали ҳукумат кучлари шаҳарни тарк этганини маълум қилди.

Бадахшон маркази Файзобод эса бугун, 11 август куни кечаси “Толибон” жангарилари томонидан эгалланган.

“Кеча тунда ҳал қилувчи ва тизимли операцияда Бадахшон вилояти маркази Файзобод қўлга олинди. Толиблар ҳоким қароргоҳини, полиция штабини, разведка идорасини ва барча давлат идораларини назорат қилмоқда”, деган Забиҳулла Мужоҳид.

“Толибон” вакилининг сўзларига кўра, мамлакатдаги 34 вилоят марказидан 9 таси ҳаракат назоратида бўлиб турибди. Нимрўз, Жузжон, Сари-Пул, Қундуз, Тахор, Саманган, Фарах, Боғлон ва Бадахшон вилоятлари марказини эгаллаган.

Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди. 

Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, ИталияАвстралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Толибон

Баҳолаганлар

89

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг