Толиблар Ўзбекистонга босим ўтказяпти – “Reuters”
Олам
−
04 Сентябрь 2021
124217Тахминан уч ҳафта давомида Ўзбекистон ҳудудида махсус лагерда бўлган афғон ҳарбий учувчилари АҚШга эвакуация қилиниш ўрнига Афғонистонга қайтарилиши мумкинлигидан қўрқмоқда. Бу ҳақда “Reuters” хабар бермоқда.
Агентлик мухбирлари лагерда сақланаётган баъзи учувчилар билан уяли телефон орқали суҳбатлашган. Улардан бири ўзини қамоқхонада яшаётгандек ҳис қилаётганини айтган.
“Ҳаракат қилиш имкониятлари жуда чекланган, озиқ-овқат ва дори-дармон етишмайди. Айримлар ўтган вақт оралиғида озиб кетди”, деган учувчи.
У, шунингдек лагерда ўзи билан бирга ушлаб турилган афғонларнинг сонини ҳам маълум қилган — 465 киши. Таъкидланишича, уларнинг орасида A-29 Super Tucano енгил ҳужум самолётларини бошқарган 15 га яқин учувчи, UH-60 Black Hawk вертолётларини бошқарган 11 учувчи, MD-530 вертолётларини бошқарган 12 учувчи ва кўплаб Ми-17 вертолётлари учувчилари бор.
Қайд этилишича, лагерда ўнлаб учувчилардан ташқари, ҳарбий авиация ходимлари ва бошқа ҳарбий бўлинмаларнинг хизматчилари ҳам бор. Уларнинг барчаси Афғонистонни толиблар ҳокимиятни эгаллашидан олдинги охирги кунларда ва соатларда тарк этишга муваффақ бўлган.
Мозори Шариф ва Қобул аэропортларидан 46 та самолёт учишга муваффақ бўлган —Афғонистоннинг собиқ ҳарбий ҳаво кучлари 160 га яқин самолётдан иборат бўлган. Журналистларга кўра, бу самолётларнинг барчаси кейинчалик Ўзбекистонга қўнган.
Август ойининг охирида агентликка берилган сунъий йўлдош тасвирлари лагер атрофидаги баланд деворларни намойиш этган, уларнинг яшаш жойлари илгари COVID-19 касалларини даволаш учун ишлатилган. Бу объект Афғонистон билан чегарадош Термиз шаҳри яқинида жойлашган.
Маълум қилинишича, АҚШнинг ҳозирги ва собиқ амалдорлари Америка ҳукуматининг Афғонистон ходимлари ва самолётларини Ўзбекистондан эвакуация қилишни ташкиллаштира олмаётганини танқид қилмоқда. Чунки толиблар уларни ўз ихтиёрига олиш учун ўзбек ҳукуматига босим ўтказмоқда.
Ҳозир Термиз яқинидаги лагерда сақланаётган ҳарбий учувчилар АҚШ мутахассислари раҳбарлигида ўқитилган. АҚШнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Жон Э. Хёрбстнинг фикрича, Ўзбекистон Афғонистонга учувчилар ва самолётларни қайтаришни истаётган “Толибон” томонидан ҳақиқий ва жиддий босимга дуч келган.
“Улар (Ўзбекистон расмийлари — таҳр.) “Толибон” билан яхши муносабатда бўлишни хоҳлайди”, деган Хёрбст.
Маълумот ўрнида, “Толибон” ҳокимият тепасига келганидан кўп ўтмай, авиация соҳасида мутахассислар етишмаслигига дуч келган. Масалан, ҳаракат Қобулдаги халқаро аэропортни бошқаришга Қатар ва Туркиядан мутахассисларни таклиф қилган.
Маълумот учун, жорий йилнинг май ойида АҚШ бошлиқ халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этишни бошлаши билан "Толибон" ҳаракати ҳукумат назоратидаги ҳудудларни эгаллаб ола бошлади. Август ойига келиб, толиблар йирик шаҳарларга юриш бошлади.
Орадан кўп ўтмай, жорий йилнинг 15 август куни Қобулнинг “Толибон” қўлига ўтиши билан Афғонистонда ҳаракат ҳокимияти ўрнатилди. Президент Ашраф Ғани эса истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. Ҳокимиятни "Толибон"га ўтишини таъминлаш учун Мувофиқлаштириш кенгаши тузилиб, унга Абдулла Абдулла ва Ҳамид Карзай киритилганди.
Жорий йилнинг 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. "Толибон" вакили Воҳидулла Ҳошимий ҳаракат Афғонистонда демократик давлат қурмаслигини маълум қилди.
Қайд этиш керакки, ҳозирда фақатгина Панжшер вилояти толиблар ҳокимиятини тан олмаяпти. Вилоятда "Толибон"га қарши кучлар йиғилмоқда. Уларга эса машҳур "дала қўмондони" Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд бошчилик қиляпти.
LiveБарчаси