Тоғли Қорабоғнинг собиқ раҳбарлари террорчиликда айбланяпти
Олам
−
05 Октябрь 2023
4887Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикасининг собиқ раҳбарлари Аркадий Гукасян ва Бако Саакян, шунингдек, парламентнинг собиқ раҳбари Давид Ишханян террорчиликда айбланиб ҳибсга олингани тасдиқланди. Бу ҳақда Озарбайжон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) хабар берди.
“Давлат хавфсизлик хизмати томонидан олиб борилган тадбирлар натижасида 2023 йил 3 октябрда Аркадий Гукасян, Бако Саакян ва Давид Ишханянлар ушланиб, Озарбайжон Жиноят кодексининг 214.2.1, 214.2.2, 214.2.3 (уюшган гуруҳ томонидан ўқотар қуроллар, портловчи моддалар ва портловчи қурилмалардан фойдаланган ҳолда терроризм), 214-1 (терроризмни молиялаштириш), 214-3.2 (терроризм мақсадида машғулотларни ташкил этиш ёки ўтказиш), 228.3 (уюшган гуруҳ томонидан ўқотар қурол, уларнинг бутловчи қисмлари, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ва портловчи қурилмаларни ноқонуний эгаллаш, сақлаш, сотиш ёки олиб юриш) ва 279.3 (қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган қуролли тузилмалар ва гуруҳларни тузиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, жиноий жавобгарликка тортилди”, дейилади ДХХ хабарида.
Озарбайжоннинг APA агентлиги тарқатган маълумотларга кўра, Бакунинг Сабаил туман суди қарори билан Гукасян, Саакян ва Ишханян тўрт ойга ҳибсга олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Озарбайжон ДХХ ва Бош прокуратураси тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасининг собиқ раҳбари Араик Арутюнян ҳибсга олинганини эълон қилганди.
Ўтган ҳафта Озарбайжон ҳукумати собиқ ташқи ишлар вазири ва тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси президентининг собиқ ёрдамчиси Давид Бабаян, шунингдек, Қорабоғдаги арман қўшинлари қўмондони собиқ ўринбосари Давид Манукян ва ҳукуматнинг собиқ раҳбари Рубен Варданяннинг ҳибсга олинганини маълум қилган эди.
LiveБарчаси