ТИВга “рус уйи” фаолияти бўйича сўров юборилади

Жамият

image
Қонли совет байроғи билан провокация қилувчиларни халқимиз таниб бўлди – Алишер Қодиров north_east

Қонли совет байроғи билан провокация қилувчиларни халқимиз таниб бўлди – Алишер Қодиров

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига Россотрудничество (“рус уйи”) фаолиятини таҳлил қилиш ҳақида сўров юборилади. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг раҳбари Алишер Қодиров маълум қилди.

“Ташқи ишлар вазирлигига Россотрудничество фаолиятини таҳлил қилиш ҳақида сўров юбормоқчимиз”, деб ёзди депутат ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Унинг бу гаплари ижтимоий тармоқларда тарқалган Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги мактаблардан бирининг директори ўқитувчини ўқувчилари “Катюша” ва “Смуглянка” қўшиқларини куйламоқчи бўлгани учун ишдан бўшатгани ва мактабда Хотира ва қадрлаш куни тадбирлари ўтказилмагани ҳақида хабарлар фонида янгради. Шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг маълум қилишича,  бошланғич таълим фани ўқитувчиси жорий йилнинг 8 май куни ўзи раҳбарлик қилаётган 4-“Г” синф ўқувчилари билан мактаб маъмуриятини огоҳлантирмасдан дарс жадвалида биринчи соатда кўрсатилган математика фани дарсини ўтмасдан ўзбошимчалик билан Хотира ва қадрлаш кунини нишонлашга уринган. Бундан хабар топган мактаб маъмурияти ўқитувчини дарс маҳалида бунақа тадбир ўтказиши мумкин эмаслиги ҳақида яна бир бор огоҳлантирган. Бу каби тадбирлар дарсдан кейин ўтказилиши зарурлигини, агар ўзбошимчалик қиладиган бўлса, ўқитувчи ишдан бўшаш учун ариза ёзиши лозимлигини билдирган.

“Боғча ва мактабларда болаларнинг онгостига ўзлигимиз хўрланган совет даврига соғинч, аждодларимизни қирғин қилган империалистик рамзларга муҳаббатни сингдирилиши миллий таҳдид сифатида баҳоланиши зарур”, дейди Алишер Қодиров мазкур вазиятга изоҳ берар экан.

Шунингдек, у Ўзбекистондаги боғча ва мактаблар ташқи пропоганда тарғиботи учун эмас, балки болаларни миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида, ўзлигига меҳр ва садоқат билан тарбиялаш учун керак эканини қўшимча қилган ва Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигидан бу масалада изоҳ сўралишини билдирган.

“Нон бериб қўлидан айрилган халқмиз, яхши ниятимиз суистеъмол қилинишига йўл қўйилмаслиги керак”, дейди депутат.

Маълумот учун, “Россотрудничество” МДҲнинг бир қанча мамлакатлари қаторида Ўзбекистонда ҳам мавжуд. “Россотрудничество” ваколатхонаси ўз фаолиятини Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси умумий раҳбарлиги ва назорати остида амалга ошириши белгиланган. Ташкилот расмий сайтида ёзилишича, “Россотрудничество” ваколатхонасининг Ўзбекистон Республикасидаги фаолияти 2001 йилдан буён шу ерда фаолият олиб борадиган Россия фан ва маданият маркази негизида қуйидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилади:

  • Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида давлатлараро муносабатлар, дўстлик ва ҳамкорлик асослари тўғрисидаги 1992 йил 30 майдаги шартнома;
  • Россия Федерацияси ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ўртасида 1998 йил 6 майдаги ахборот-маданий марказларни ташкил этиш ва фаолият кўрсатиш шартлари тўғрисидаги битим;
  • Россия Федерацияси Президентининг 2009 йил 13 ноябрдаги 1283-сонли “Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ишлари бўйича Федерал агентлиги, чет элда яшовчи ватандошлар ва Россия Федерациясидан ташқарида халқаро гуманитар ҳамкорлик бўйича ваколатхоналар тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони.

Мақола муаллифи

Теглар

Алишер Қодиров Россотрудничество рус уйи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг