ТИВ Эрон ва Исроилдаги ўзбекистонликларга мурожаат қилди
Жамият
−
13 Июнь
2951Эрон атрофидаги вазиятнинг кескинлашиши ва Эрон ҳамда Исроилда ракета отишмалари кутилиши муносабати билан ушбу икки давлатда яшовчи Ўзбекистон фуқароларидан хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилиш сўралди. Тегишли баёнотни бугун, 13 июнь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов эълон қилди.
“Заруратга қараб Эронда истиқомат қилувчилар бомба бошпаналарига тезлик билан кириш, Исроилда эса фронт орти қўмондонлиги огоҳлантиришларига амал қилиш лозим”, дейди ТИВ воизи.
Ҳар икки давлатдаги ўзбекистонликлардан расмий хабарларни мунтазам кузатиб бориш, шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар ва элчихона алоқа маълумотларини доимо ёнида сақлаш сўралган.
Эрондаги Ўзбекистон элчихонаси алоқа маълумотлари:
Телефон: 22299780, 22832025
Эл. почта: iri.uzembassy@mfa.uz
Исроилдаги Ўзбекистон элчихонаси алоқа маълумотлари:
Телефон: 03-672-2466, 03-672-2371, 03-758-5075, 03-758-5076
Шошилинч хабарлар учун: 054 485 1397
Эл. почта: il.uzembassy@mfa.uz
Эслатиб ўтамиз, бугун, 13 июнга ўтар кечаси Исроил Эроннинг бир қатор ядро объектлари ва юқори қўмондонлик биноларига ҳужум қилганини хабар қилган эди. Ушбу ҳужум оқибатида бир қатор эронлик қўмондонлар ва ядровий тадқиқотлар бўйича олимлар ҳалок бўлгани айтилмоқда.
Бунинг ортидан энди Исроилга ракета отилиши мумкинлиги муносабати билан Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси ушбу мамлакатдаги ўзбекистонликларга тезкор эҳтиёт чораларини кўришни қатъий тавсия қилмоқда. Эрон Ислом Республикасида истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларидан ҳам хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилиш сўралмоқда.
Шунингдек, Эрон ҳаво ҳудудининг ёпилиши муносабати билан бир нечта рейслар Тошкентдаги муқобил аэродромга йўналтирилди.