Тинчи бузилган Афғонистон Президенти АҚШда. У Байден билан учрашмоқчи

Олам

image
Ўзбекистон қўшинлари Термизда жанговар машғулотларни бошлади north_east

Ўзбекистон қўшинлари Термизда жанговар машғулотларни бошлади

Афғонистондан Президент Муҳаммад Ашраф Ғани бошчилигидаги делегация АҚШга ташриф буюрди. Бу ҳақда бугун, 24 июнь куни “Ariana News” хабар берди.

Маълум қилинишича, Афғонистоннинг “Kam Air” компаниясига тегишли Airbus A-340 самолёти Ашраф Ғани бошчилигидаги делегация билан Кобулдан тўғри Вашингтонга парвоз қилган. Эртага, 25 июнь куни Ашраф Ғани АҚШ Президенти Жо Байден ва маъмуриятнинг бошқа расмийлари ҳамда мамлакат конгрессменлари билан учрашади. 

TOLOnews on Twitter: "Photo: President Ashraf Ghani and a delegation  including First Vice President Amrullah Saleh, HCNR Chairman Abdullah  Abdullah and other govt officials have arrived in Washington. #Afghanistan…  https://t.co/8pLRgbX4p3"

Қайд этилишича, Афғонистон Президентига икки кунлик сафарда мамлакатнинг биринчи вице-президенти Амруллоҳ Солиҳ, Миллий ярашув бўйича Олий кенгаш раҳбари Абдулла Абдулла, Ташқи ишлар вазири Ҳаниф Атмар, миллий хавфсизлик бўйича Президент маслаҳатчиси Ҳамдуллоҳ Моҳиб, инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил комиссияси раиси Шаҳзод Акбар ҳамроҳлик қилмоқда. 

Абдулла Абдулланинг офисида (у икки маротаба Афғонистон Президенти лавозимига даъво қилган ва ҳар икки сафар ҳам АҚШ вакилларининг қистови билан Ғанига ён босган — таҳр.) маълум қилинишича, у ҳам Байден ва бошқа бир қатор расмийлар билан учрашиб, “мажбуриятлар, тинчлик, ҳозирги ва бўлажак муносабатларга” оид саволлар юзасидан музокара олиб боради.

Фаоллашиб қолган “Толибон”

Қайд этиш керакки, АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлагандан бери “Толибон” кескин ҳаракат қилмоқда. Тасдиқланган маълумотларга кўра, сўнгги ўн кун ичида Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош тўрт вилоятида ҳукумат кучлари ва “Толибон” ўртасида тўқнашувлар бўлган.

Натижада Таҳор вилоятининг Чаҳеб, Янги Калъа, Даркад, Дашти Қалъа, Хожағор туманлари, Қундуз вилоятининг Дашти Арчи, Имом Соҳиб ва Қалъаи Зол туманлари, шунингдек Шерхон-Бандар ва Кокул назорат пунктлари “Толибон” назорати остига ўтди. БМТ маълумотига кўра, 22 июнь ҳолатига Афғонистоннинг 50 дан ортиқ туманини эгаллаган. 

Сўнгги кунларда толиблар билан жангларда оғир зарбага учраган афғон қўшинларининг қўшни республикалар ҳудудига қочиб ўтиш ҳолатлари кузатилди. Жумладан, жорий йилнинг 22 июнь куни 130 дан ортиқ афғон ҳарбийлари чегарадош Тожикистонга, 23 июнь куни эса уларнинг 53 нафари Ўзбекистонга қочиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш ишларини бошлаб юборди. Шу вақтгача Америка ўз ҳарбий контингентининг учдан бир қисмини бу мамлакатдан олиб чиқиб кетди.  

Маълумот ўрнида, 2020 йил февраль ойи охирида АҚШ ва “Толибон” тинчлик шартномасини имзолади. Келишувга кўра, Америка қўшинлари шартнома тузилганидан 14 ой ўтгач, аниқроғи 2021 йилнинг майигача Афғонистонни тарк этиши керак эди. Бироқ бу жараённинг “старт” олиши бироз кечикди.

Жорий йилнинг 14 апрель куни Президент Жо Байден АҚШнинг Афғонистондаги миссияси якунланганини ва 1 майдан бошлаб ушбу мамлакатдан қўшинларини олиб чиқишни бошлашини эълон қилди. Унга кўра, қўшинларни олиб чиқиб кетиш 11 сентябргача якунланиши керак.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Қобул АҚШ Байден Ғани Абдулла

Баҳолаганлар

659

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг