“Time” илк бор “Йил боласи”ни эълон қилди
Олам
−
03 Декабрь 2020
5390Машҳур “Time” журнали ўз тарихида илк бор “Йил боласи” номинациясини эълон қилди. Нашр 15 ёшли юқори технологиялар тадқиқотчиси Гатанжали Раони “Йил боласи” деб эълон қилди.
Ушбу янги номинация 2019 йилда илк бор 16 ёшли экофаол Грета Тунберг “Йил одами” деб танлангани билан боғлиқ. Журнал айнан унинг тенгдошлари ва ундан кичиклар учун янги тоифани жорий қилишга қарор қилган.
“Дунё уни ўзгартирганларга тегишли. Бугун ёшлар катта таъсирга эга ва улар бу имкониятдан дунёни ўзларига мос тарзда ўзгартириш учун фойдаланяпти”, дейди “Time”.
Биринчи ғолибни аниқлаш учун Time журнали ва Nickelodeon телеканали 8–16 ёшдаги беш минг номзодни ўрганиб чиқиб, 5 нафар номзодни ажратиб олган. Уларнинг бари Viacom компаниясидан пул мукофоти олади.
“Йил боласи” деб топилган Гатанджали Раони АҚШнинг Колорадо штатида яшайди. У интернет орқали ҳақорат қилишнинг олди олиш учун сунъий интеллектдан фойдаланиш йўлини ва ичимлик сувининг ифлосланганлик даражасини аниқлаш учун сенсор ишлаб чиқмоқда. 2019 йилда Forbes журнали Раони фан йўналишидаги рейтингига киритган.