2025 йилнинг энг нуфузли 100 кишиси эълон қилинди. Улар кимлар?

Бу қизиқ

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп, Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер, Аргентина Президенти Хавьер Милей ҳамда бўлажак Германия канцлери Фридрих Мерц 2025 йилнинг энг нуфузли 100 кишиси рўйхатидан жой олди. Бу ҳақда “Time” эълон қилган рўйхатда келтирилган.

Ушбу сиёсатчилар рўйхатнинг “Лидерлар” тоифасида қайд этилган. Мазкур бўлимда, шунингдек, АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс, Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шара, Трампнинг маслаҳатчиси Илон Маск (ҳозирда АҚШ Ҳукумат самарадорлигини ошириш бошқармаси – DOGE'га раҳбарлик қилмоқда), АҚШ Савдо вазири Говард Лютник, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедрос Аданом Гебреисус, АҚШ Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар вазири кичик Роберт Кеннеди ҳамда Мексика Президенти Клаудия Шейнбаум ҳам бор.

“Титанлар” тоифасида эса америкалик комик ва телебошловчи Жо Роган, шунингдек Meta компанияси бош директори Марк Цукерберг тилга олинган.

Санъаткорлар ичида рўйхатга қўшилганлар: қўшиқчи Эд Ширан, актрисалар Деми Мур, Скарлетт Йоханссон ва Кристен Белл, актёр ва продюсер Адам Скотт.

Спортчилар сафида эса теннисчи Серена Уильямс, гимнастика бўйича юлдуз Симона Байлз, баскетболчилар Нафиса Коллиер ва Брианна Стюарт, шунингдек сузувчи Леон Маршан эътироф этилган.

“Инноваторлар” бўлимида астроном Венди Фридман, рассом Микалейн Томас ва ошпаз Кваме Онвуачи номлари қайд этилган. “Қаҳрамонлар” бўлимига актёр Эдриан Броди, ёзувчи Ракель Уиллис ҳамда фаол Фату Балде киритилган. “Пионерлар” қаторида эса қўшиқчи Роуз, юрист Корделия Бэр ва DeepSeek компанияси раҳбари Лян Вэньфэн бор.

Маълумот учун, ушбу рўйхат илк бор 1999 йилда эълон қилинган. Ўшанда у XX асрнинг энг машҳур 100 шахсига бағишланган эди. 2004 йилдан бошлаб эса “Time” ушбу рейтингни ҳар йили чоп этмоқда. Нуфузли шахслар рўйхатини олимлар, сиёсатчилар, журналистлар ва академиклардан иборат комиссия шакллантиради, аммо якуний танловни фақат журнал муҳаррирлари амалга оширади.

Эътиборга молик жиҳат – айрим шахслар бу рўйхатда бир неча маротаба пайдо бўлган. Масалан, Хитой раҳбари Си Цзиньпин 13 марта, АҚШ собиқ президенти Барак Обама ва телебошловчи Опра Уинфри 11 марта, юрист ва собиқ давлат котиби Ҳиллари Клинтон эса 10 марта рўйхатга киритилган.

“Time”нинг ёзишича, Барак Обаманинг президентлиги давридан буён илк бор АҚШ маъмуриятидан бирваракайига олти киши ушбу рўйхатга киритилган. Рўйхатдаги энг ёш шахс 22 ёшли француз сузувчиси Леон Маршан бўлса, энг ёши каттаси 84 ёшли Бангладеш муваққат ҳукумати раҳбари Муҳаммад Юнус.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг декабрь ойида Американинг “Time” журнали АҚШ Президенти Дональд Трампни “Йил одами” деб топганди. Номзодлар орасидаги Цукерберг (2010), Трамп (2016), Ҳаррис (2020; Байден билан бирга) ва Маск (2021) олдин ҳам “Йил одами” сифатида танланган. 2022 йилда унвон “Украина руҳи” ва мамлакат Президенти Владимир Зеленскийга насиб этди. 2023 йилда “Time” журнали америкалик қўшиқчи Тейлор Свифтни “Йил одами” сифатида танлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп Time Марк Цукерберг Хавьер Милей Кир Стармер энг нуфузли 100 киши

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг