Сунъий интеллект яратувчилари “Йил одами” бўлди
Олам
−
11 Декабрь 3310 2 дақиқа
АҚШнинг “Time” журнали сунъий интеллект яратувчиларини 2025 йил учун “Йил одами” деб топди. Бу ҳақда журналнинг расмий сайтида хабар берилди.
Журнал муқовасида машҳур “Осмонўпар бинода тушлик” фотосурати услубида, шаҳар устидаги пўлат устига ўтирган Meta раҳбари Марк Цукерберг, AMD бош директори Лиза Су, X эгаси Илон Маск, Nvidia раҳбари Женсен Хуанг, OpenAI раҳбари Сем Альтман, Google’га қарашли сунъий интеллект компанияси – DeepMind бош директори Демис Хассабис, Anthropic раҳбари Дарио Амодей ва ImageNet асосчиси Фей-Фей Ли тасвирланган.
“Бу ҳикоя сунъий интеллектнинг 2025 йилда дунёмизни янги, ҳайратланарли, баъзан эса қўрқинчли тарзда қандай ўзгартиргани ҳақида. Бу ҳикоя Хуанг ва бошқа технологик гигантларнинг тарих йўналишини бошқаргани, ахборот маконини, иқлимни ва тирикчилигимизни ўзгартирувчи технологияларни ишлаб чиққани ҳақидаги воқеа. Улар давлат сиёсатини қайта йўналтирди, геосиёсий рақобатни ўзгартирди ва роботларни уйларимизга олиб кирди. Сунъий интеллект ядро қуроли пайдо бўлганидан бери буюк давлатлар ўртасидаги рақобатдаги энг муҳим воситалардан бирига айланди”, деб ёзади нашр.

Қайд этиш жоиз, Цукерберг (2010), Трамп (2016), Ҳаррис (2020; Байден билан бирга) ва Маск (2021) олдин ҳам “Йил одами” сифатида танланган. 2022 йилда унвон “Украина руҳи” ва мамлакат Президенти Владимир Зеленскийга насиб этди. 2023 йилда “Time” журнали америкалик қўшиқчи Тейлор Свифтни “Йил одами” сифатида танлади.
“Time” – 1923 йилдан бери нашр этиладиган Америка журнали. Нашрнинг барча платформалардаги умумий аудиторияси 2023 йил март ҳолатига кўра, 100 миллион кишидан ошди. 1927 йилдан бери журнал ўзининг декабрь сонида йил одамини эълон қилади ва унинг суратини муқовага қўяди. Муайян шахсдан ташқари, у одамлар гуруҳи ёки тушунчаси ҳам бўлиши мумкин. Қарор таҳририят томонидан қабул қилинади. Унга кўра, унвонни олувчи сўнгги 12 ой ичида дунёга сезиларли таъсир кўрсатган бўлиши керак ва бу ижобий бўлиши шарт эмас.
Йиллар давомида Махатма Ганди, Адольф Гитлер, Иосиф Сталин, Уинстон Черчилл, Мартин Лютер Кинг, чақалоқ боомерс, Аполлон 8 астронавтлари, шахсий компьютер, Михаил Горбачев, Билл Клинтон, Жефф Безос, шунингдек, Россия Президенти Владимир Путин ҳам “Йил одами” бўлган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили “Йил одами” сифатида АҚШда иккинчи президентлик муддатига сайланган Дональд Трамп танланган эди.