“The Diplomat” Ўзбекистоннинг хавфли тиббиёти ҳақида мақола эълон қилди
Таҳлил
−
13 Январь 2023
13978Американинг “The Diplomat” нашри “Марказий Осиёнинг хавфли фармацевтика саноати” номли мақолани чоп этди. Унда Ўзбекистонда болаларнинг ўлимига сабаб бўлган “Док-1 Макс” дори воситаси, Марказий Осиёда дориларни сотиш тартиби, минтақадаги фармацевтика соҳасида малакасиз кадрлар ва эскирган ускуналардан фойдаланилаётгани таҳлил қилинган.
Мақолада энг аввал Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган “Док-1 Макс” дори воситаси туфайли 18 нафар (айни пайтда уларнинг сони 20 нафарга етган) бола ҳалок бўлганига урғу қаратилган. Болаларнинг кўпчилиги буйрак етишмовчилиги ташхиси билан вафот этганига аҳамият берилган.
Таъкидланишича, 2022 йил октябрь ойида Ғарбий Африкада ҳам “Док-1 Макс” дорисидан ўлим қайд этилган. Шу муносабат билан ўша ойда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ушбу дори бўйича расмий огоҳлантириш эълон қилган. Аммо шунга қарамай, “Док-1 Макс” ва бошқа йўталга қарши Ҳиндистон дорилари Ўзбекистонда 22 декабргача истеъмолда бўлган.
Эътиборлиси, бундай ҳолатлар Ўзбекистонда тез-тез содир бўлиши алоҳида урғуланган. Масалан, 2021 йилда Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида бир қиз “Цефтриаксон” антибиотигидан вафот этган. Дори шифокор назорати остида қўлланилиши керак бўлсада, қиз уни тиббий маълумотга эга бўлмаган қариндошидан олган. 2021 йилда республикада уч киши антибиотикларни нотўғри қабул қилиш билан оламдан ўтган.
“Док-1 Макс” ва “Цефтриаксон” каби дори воситалари билан боғлиқ вазият Марказий Осиё бўйлаб фармацевтика соҳасидаги хавотирли тенденцияларни акс эттиради”, дейилади нашрда.
Бундай ҳодисаларнинг сабаби нимада? “The Diplomat” нашрига кўра, Марказий Осиё соғлиқни сақлаш соҳаси ҳалигача сармоя етишмаслиги, малакасиз кадрлар ва эскирган ускуналардан азият чекмоқда. Минтақадаги фармацевтика саноати давлат ва хусусий дорихоналардан иборат бўлиб, улар кўпинча назоратсиз ишлайди. Ўзбекистонда 901 дан ортиқ турли дори воситаларини рецептсиз харид қилиш мумкин. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонда антибиотикларни рецептсиз олиш ва улардан ҳаддан ортиқ фойдаланиш микробларга қарши препаратларга нисбатан чидамлиликнинг кучайишига олиб келди.
Нашрга кўра, 2019 йилда Туркманистон хусусий дорихоналарида антибиотиклар сотишни тақиқлаган, бироқ мамлакатдан маълумот олиш имконияти чеклангани сабабли бу сиёсатнинг қанчалик самара берганини аниқлаш қийин.
“Шунингдек, Ўзбекистонда рецептсиз сотиладиган дори воситаларидан фойдаланиш имкони шу қадар кенг тарқалганки, бу ҳақда машҳур туристик йўриқномаларда аниқ қайд этилган”, дейилади мақолада.
Қайд этиш керакки, дори-дармонларни шифокор кўрсатмасисиз олишнинг қулайлиги нафақат микробларга қарши препаратларга нисбатан чидамлиликни келтириб чиқаради ва одамлар саломатлигига хавф туғдиради, балки гиёҳванд моддаларни ноқонуний истеъмол қилишга ҳам йўл очиб беради.
Мақолада урғуланганидек, Марказий Осиёнинг барча давлатларида гиёҳванд моддалар истеъмоли ва савдосига нисбатан қатъий қонунлар мавжуд бўлиб, уларда истеъмолчилар ва сотувчилар учун бир неча йиллик қамоқ жазоси белгиланган. Ҳудудда йиллар давомида марихуана ва афюн каби гиёҳванд моддаларни топиш қийинлашгани сари таркибида наркотик муқобили бўлган дори воситаларига нисбатан талаб кучайиб борди. Тадбиркорлар эса бундан мўмайгина даромад олишга ҳам ўтиб олган.
“The Diplomat”нинг ёзишича, бу қарамлик бутун Марказий Осиёда кучайган, ҳатто таркибида наркотик мавжуд бўлган дори-дармонлар ҳам рецептсиз сотилади. Хусусий дорихоналар кўпинча мижозларга мавжуд бўлган ҳар қандай дори-дармонларни сотиб олишга имкон беради.
Масалан, Қозоғистонда 2019 йилдан буён 200 га яқин дорихона рецептсиз ёки мамлакатда сотилишига рухсат этилмаган дори воситаларини сотгани учун жазоланган. Туркманистон ва Ўзбекистонда вазият янада кескинроқ, туркман оммавий ахборот воситаларида талабалар ўртасида “Трамадол” (психотроп дори воситаси)дан фойдаланишдан огоҳлантирувчи мақолалар тез-тез пайдо бўлмоқда. Ўзбекистонда ҳам вазият худди шундай, айниқса, ўқувчилар орасида “Трамадол” истеъмоли кучайган.
Марказий Осиё фармацевтика саноатидаги яна бир хавфли тенденция контрафакт ва яроқлилик муддати ўтган дори воситаларининг кенг тарқалганидир. Маълумотларга кўра, Қозоғистоннинг ўзида барча дори воситаларининг 10-12 фоизи қалбаки ҳисобланади.
LiveБарчаси