“Тез ёрдам”нинг “без ёрдам”га айланишига одамларнинг ўзи сабабчими?
Саломатлик
−
18 Сентябрь 2019
5523Бугунги кунда “тез ёрдам”га тушаётган мурожаатларнинг ўттиз фоиздан кўпроғини ана шундай асоссиз чақириқлар ташкил этмоқда. Буларнинг аксарияти сурункали касаллиги бор беморлардир. Биргина пойтахт Тошкентдаги “тез ёрдам” хизматига уларнинг баъзилари йилига 500 мартадан, ҳатто, 1000 мартагача мурожаат қилади. Бу ҳақда Шошилинч ва тез тиббий ёрдам масалалари бўйича маҳаллий координатор Обиджон Дилмуродов маълум қилмоқда.
Бугунги кунда ҳар ўн уч минг нафар аҳолига битта “тез ёрдам” машинаси тўғри келади. Бу халқаро стандартларга тўла мосдир. Қолаверса, “тез ёрдам”нидори-дармон ва тиббий буюмлар билан таъминлаш сўнгги уч йил ичида 5,2 баробарга кўпайди, чақириқларни қабул қилиш, узатиш ва уларни мунтазам назорат қилиш маркази (Сall-марказ) фаолияти такомиллаштирилди.
Бироқ, айрим шахсларнинг сурункали касалликлар учун ҳам “тез ёрдам”ни безовта қилиши оқибатида ҳақиқатан ҳам тез ёрдамга эҳтиёжи бўлган кишиларнинг хонадонига ўз вақтида етиб боришнинг имкони бўлмаяпти.
— Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, сурункали касалликларни даволаш “тез ёрдам” шифокорларининг вазифаси эмас. “Тез ёрдам” шифокори касалликнинг ҳаёт учун хавф солиши мумкин бўлган белгиларини бартараф этади, холос. Бу беморга вақтинча енгиллик беради. Бемор дарддан тўла халос бўлиши учун умумий амалиёт шифокори назоратида туриб ёки шифохонада ётиб даволаниши керак, – дейди Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокор ўринбосари Илҳом Аслонов.
— Сурункали касалликларда шифокор тавсияси асосида муолажалар узлуксиз тарзда олиб борилса, бемор, албатта, шифо топади, “тез ёрдам”га қайта-қайта мурожаат қилишга эҳтиёж қолмайди. Аммо, кўпчилик шифокорларнинг бундай тавсияларига риоя этиш ўрнига арзимаган ҳолатлар учун ҳам “тез ёрдам”ни чақиришга одатланиб қолишган. Ҳолбуки, “тез ёрдам”нинг ҳар бир чақириқ жойига бориши давлатга каттагина харажатга тушади.
Энг ачинарлиси, ана шундай асоссиз чақириқлар туфайли “тез ёрдам” хизматида тиғизлик юзага келади. Натижада шошилинч тиббий ёрдамга ҳақиқатан муҳтож бўлган беморларга ўз вақтида етиб бориш имконияти чекланмоқда.
Шу ўринда шуни айтмоқчи эдикки, ҳар бир инсон аввало ўзи, қолаверса яқинлари соғлиғига эътиборли бўлиши лозим. Бунинг учун қишлоқ врачлик пункти ва оилавий поликлиникаларда касалликларнинг олдини олиш борасида давлатимиз томонидан яратиб берилган замонавий тиббий имкониятлардан оқилона фойдаланиш лозим.
Белгиланган мудатларда тиббий профилактика кўрикларидан ўтиб, шифокор тавсияларига риоя этган инсоннинг соғлиғи мустаҳкам бўлади. Ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам ортиқча овора қилмайди. Айниқса, эл соғлиғи деб кеча-ю кундуз тиним билмайдиган “тез ёрдам” ходимларининг асоссиз вақтини олмайди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь