Тейлор Свифт расман миллиардерга айланди – “Bloomberg”

Маданият-санъат

image

Американинг поп юлдузи Тейлор Свифт илк бор миллиардерлар рўйхатидан жой олди. Бу ҳақда "Bloomberg" нашри хабар берди.

Billionaires Index'да қўшиқчининг бойлиги унинг энг йирик Eras концерт гастроли ортидан 1,1 миллиард долларга етди. Нашр "Свифт мусиқаси ва ижроси туфайли бу мақомга эришган кам сонли юлдузлардан бири" эканини ёзган. 

Тўрт йил аввал унинг бойлиги 185 млн бўлган. 2019 йилдан бери қўшиқчи мусиқа релизларидан – 400 миллион доллар , чипталар ва маҳсулотлар савдосидан – 370 миллион доллар ,  кўчмас мулкидан эса 110 миллион доллар маблағ топган.

Миллиардер қўшиқчи нафақат мусиқа ва чиқишларидан, балки сифатли маркетинг орқали бойлик орттирган. Нашр хонанданинг 2023 йилда ўтказган 53 та концерти АҚШ ялпи ички маҳсулотини 4,3 миллиард долларга оширганига ҳам эътибор қаратган. 

Свифтнинг концерти учун чипта нархи ўртача 254 доллар бўлиб, иккиламчи бозорда бундан ҳам қимматроққа сотилиши мумкин. 

 Июль ойида "Forbes" нашри Свифт хонимнинг бойлиги 740 миллион долларни ташкил этиши ҳақида маълум қилганди.

"The Wall Street Journal" келгуси йил ҳам 33 ёшли хонанда учун сермаҳсул бўлиши ҳақида ёзмоқда. Унга кўра, юлдузнинг бутун дунё бўйлаб режалаштирилган гастроллари унга 4,1 миллиард доллар даромад келтириши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

миллиардер Тейлор Свифт

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг