Термиз собиқ ҳокими 11 йилга қамалди
3-саҳифа
−
27 Июль 2023
13339Аввалроқ Термиз шаҳрининг собиқ ҳокими Исроил Худойбердиев ва 17 амалдор судланаётгани ҳақида хабар берган эдик. Бугун, 27 июль куни собиқ ҳоким Жиноят кодексининг бир нечта моддалари билан судланиб, 11 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар берди.
Қайд этилишича, жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судида Исроил Худойбердиев ва бошқалар (жами 18 нафар судланувчи)га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни тугаб, суд ҳукми эълон қилинган.
Ҳукмга кўра, у Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди, 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 1-қисми, 2-қисми “а” банди, 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 2-қисми “а” банди, 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 1-қисми, 2-қисми “а” банди, 210-моддаси (пора олиш) 3-қисми “а” банди, 229-4-моддаси (ер бериш тартибини бузиш) 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга ўташ учун узил-кесил 2 йил 6 ой муддатга давлат ташкилотларида мансабдорлик лавозимлари ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони умумий тартибли колонияларда ўтаттирилиш белгиланган.
Қолган 17 нафар судланувчи Жиноят кодексининг 25,167, 167, 168, 184, 28,205, 205, 206, 28,209, 209 ва 229-4-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, уларга тегишлилиги бўйича жарима, 1 йил 9 ой 15 кундан 2 йил 3 ойгача ахлоқ тузатиш ишлари ва 3 йил 6 ойдан 9 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими Баҳром Ҳайдаров 10 йилга озодликдан маҳрум қилинганди. Асака тумани собиқ ҳокими Мансур Алихоновга нисбатан эса Жиноят кодексининг бир нечта моддаси билан 3 йил 1 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Қарши шаҳри собиқ ҳокими Жамшид Фозилов жорий йилнинг март ойида 4 йилга қамалган бўлса, июль ойининг бошида Урганч шаҳри собиқ ҳокими Шуҳрат Абдуллаев 3 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.
LiveБарчаси