Терма жамоадаги вақтимизни соғинаман – Месси Агуэро фаолиятини якунлагани ҳақида
Спорт
−
15 Декабрь 2021
3108Бугун, 15 декабрь куни ПСЖ ва Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси Лионель Месси Instagram саҳифасида юраги билан боғлиқ муаммолар туфайли фаолияти якунлаганини эълон қилган ҳамюрти Серхио Агуэрога бағишланган пост қолдирди.
“Деярли бутун фаолиятимиз бирга ўтди. Серхио... Биргаликда ажойиб лаҳзалар ўтказдик. Баъзида муваффақиятсизликка учрадик, лекин уларнинг барчаси бизни дўстлаштирди. Майдон ташқарисида эса доимо шундай яшашда давом этамиз. Америка Кубогидаги ғалаба ва Англиядаги бир нечта чемпионликдан сўнг, футболдан кетишинг мени хафа қилади. Албатта, сен бахтли инсонсан ва доимо шундай бўлиб қоласан. Сени қадрлайдиган одамлар билан бирга бўлишда давом эт. Ишончим комилки, футбол сени унутмайди”, дейди Месси.
Шунингдек, Лео “Кун” Агуэрога келажакдаги фаолиятида муваффаққият тилади:
“Энди ҳаётингда янги босқич бошланади ва унда муваффаққият тилайман! Мен сени жуда яхши кўраман, дўстим. Сени майдонда соғинаман, терма жамоадаги вақтимизни соғинаман”.
Эслатиб ўтамиз, “Барселона” ҳужумчиси Серхио Агуэро 33 ёшида профессионал фаолиятини якунлаганини маълум қилгани ҳақида хабар берган эдик.
Маълумот учун, ҳужумчи Испания чемпионатининг 12-туридан ўрин олган “Алавес”га (1:1) қарши ўйиннинг биринчи бўлимида тахикардия туфайли алмаштирилган эди. Ўшанда футболчи эҳтиёт чораси сифатида алмаштирилган эди. Ўйиндан сўнг, Агуэро ўзини яхши ҳис қилаётганинини таъкидлаган эди.