Терговчилар қийноқларга қарши курашиш бўйича қайта ўқитилади – Президент қарори

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 7 февраль куни “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорни имзолади. 

Қарор мамлакатда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни янада такомиллаштириш, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ижросини таъминлаш, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичида белгиланган вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга ошириш мақсадида қабул қилинмоқда. 

Қарор билан Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш ҳамда кенг жамоатчилик муҳокамаси, халқаро ва миллий маслаҳатлашувлар натижасида ишлаб чиқилган:

•    Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури;

•    Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди. 

Вазирлик ва идораларнинг биринчи раҳбарлари “Йўл харитаси”да белгиланган вазифаларнинг тўлиқ, сифатли ва ўз вақтида амалга оширилиши учун шахсан жавобгар бўлади. 

Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия Миллий таълим дастури ва “Йўл харитаси”нинг амалга оширилиши юзасидан:

•    мунтазам мониторинг олиб бориб, чора-тадбирлар сифатли ва ўз вақтида ижро этилиши бўйича таклиф ва тавсияларни тегишли вазирлик ва идораларга киритиб боради;

•    доимий равишда аниқ кўрсаткичлар ва эришилган натижалар акс эттирилган батафсил ахборотнинг расмий веб-саҳифаларда ва оммавий ахборот воситаларида жойлаштириб борилишини таъминлайди;

•    ҳар олти ойда Олий Мажлис палаталари ва Ўзбекистон Республикаси Президентига умумлаштирилган маълумот киритиб боради;

•    ахборот-таҳлилий шарҳлар тайёрланиши, хорижий тилларга таржима қилиниши ва эълон қилинишини таъминлайди.

Белгиланишича, ахборот-таҳлилий шарҳлар ва уларнинг таржималарини чоп этиш ва эълон қилиш билан боғлиқ харажатлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига Давлат бюджети доирасида ажратиладиган маблағлар ҳисобидан қопланади.

Қарор билан Олий Мажлис палаталарига Миллий комиссиянинг Миллий таълим дастури ва “Йўл харитаси”нинг ижро ҳолати юзасидан ахборотини эшитиш ва танқидий муҳокама қилиб бориш тавсия этилмоқда.

2023/2024 ўқув йилидан бошлаб профессионал ва олий таълим тизимида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари” бўйича тегишлича ўқув ва махсус курслар жорий этилиши белгиланмоқда.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Марказ билан биргаликда 2023 йил 1 июнга қадар “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари” бўйича ўқув ва махсус курслар жорий этиладиган профессионал ва олий таълим ташкилотларининг аниқ рўйхатини шакллантиради ҳамда тегишли ўқув дастурларини такомиллаштириш чораларини кўради.

2023 йил 1 июндан бошлаб Марказ томонидан ҳар йили:

•    “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги таълим ва инновациялар” миллий танлови ўтказиб борилади;

•    ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари, аёллар ҳуқуқлари, бола ҳуқуқлари ва мигрантлар ҳуқуқлари йўналишларида фаолияти мазкур шахслар билан бевосита боғлиқ бўлган ташкилотларда ўқув курслари ва семинар-тренинглар ташкиллаштирилади.

Марказ:

а) уч ой муддатда:

•    Миллий танловни ўтказиш бўйича Низом ва дастурни ишлаб чиқсин ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар билан келишиб, тасдиқлайди;

•    ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари, аёллар ҳуқуқлари, бола ҳуқуқлари ва мигрантлар ҳуқуқлари йўналишларида тегишли ташкилотларда ўқув курслари ва семинар-тренингларни ўтказиш бўйича режа-графикни тасдиқлайди;

б) 2023 йил 1 апрелга қадар:

•    “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари”, “Инсон ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари”, “Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари” туркум қўлланма ва рисолаларни тайёрлаш ва чоп этиш чораларини кўради;

•    Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим олиш бўйича электрон платформани яратиб, ишга туширади.

Қарорга мувофиқ 2023 йил 1 мартдан бошлаб терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари доимий равишда ташкил этилади.

Марказ ва Бош прокуратура:

•    мазкур ўқув курсларини ташкил этиш учун масъул этиб белгиланмоқда;

•    икки ҳафта муддатда қийноққа солишга қарши курашиш бўйича ўқув курсларини ўтказиш графигини тасдиқлайди.

9. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Давлат бошқаруви академияси билан биргаликда:

•    2023 йил 1 майдан бошлаб раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимида инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича ўқув курслари (соатлари)ни жорий қилади. Бунда, мазкур ўқув курсларини Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим олиш бўйича электрон платформаси орқали ташкил этишга рухсат этилади;

•    2023 йил 1 апрелга қадар Марказ билан биргаликда соҳаларнинг ўзига хосликларини инобатга олган ҳолда инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик масалалари бўйича ўқув курслари модули ва дастурини ишлаб чиқади.

Марказ Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ахборот-кутубхона марказларини:

•    халқаро шартномаларнинг давлат тилидаги тўпламлари;

•    инсон ҳуқуқлари бўйича ўқув, илмий-услубий ва халқаро нашрлар;

•    инсон ҳуқуқлари соҳасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича юритилаётган хронология материаллари билан тизимли равишда таъминлаб боради.

Шунингжек, қарор билан Марказнинг жорий йил февраль ойида мамлакатда “Инсон ҳуқуқлари” ҳафталигини ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилмоқда.

Марказ:

а) бир ҳафта муддатда “Инсон ҳуқуқлари” ҳафталигини ўтказиш дастурини тасдиқлайди;

б) Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан ҳамкорликда давлат таълим муассасаларида:

•    “Ҳуқуқий саводхонлик ойлиги” доирасида ўтказиладиган тадбирларда “Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари” мавзусига алоҳида эътибор қаратилиши;

•    2023 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан ўтказиладиган кўрик-танловларда аёллар, бола ва ёшлар ҳуқуқлари масалалари қамраб олинишини таъминлайди;

в) Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда маҳаллаларда ёшлар иштирокида “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзусида турли даражадаги маърифий анжуманлар, давра суҳбатлари, учрашувларнинг ўтказилиши, шу жумладан, уларнинг видеоконференцалоқа орқали Марказ ходимлари иштирокида ташкил этиш;

г) Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (А.Ходжаев) ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (А.Хаджаев) билан биргаликда “Инсон ҳуқуқлари” ҳафталигини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш чораларини кўради.

“Эл-юрт умиди” жамғармаси очиқ стипендия танловлари асосида хорижда бакалавриат, магистратура ва докторантурада таълим олиш ҳамда малака ошириш дастурларининг мақсадли кўрсаткичларини тузишда инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича буюртмачи вазирлик ва идораларнинг кадрларга бўлган эҳтиёжини ҳисобга олади.


Мақола муаллифи

Теглар

Президент қарори

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made