Теннис: Жокович US Open’да Олимпиада учун қасос олмоқчи

Спорт 1075
image

Теннис бўйича “Катта дубулға” туркумига кирувчи йилнинг энг сўнгги мусобақаси ҳисобланган US Open’да ярим финал жуфтликлари маълум бўлди. Унга кўра, дунёнинг биринчи рақамли теннисчиси Новак Жокович Токио Олимпиадаси ғолиби Александр Зверевга қарши кортга чиқади.

Токиодаги сўнгги Олимпия ўйинларининг ярим финалида Зверев Жоковични 1:6, 6:3, 6:1 ҳисобида мағлуб этганди. “Катта Дубулға” туркумининг 20 карра ғолиби ҳисобланган Жокович баҳсдан аввал мазкур баҳсни эслаб ўтди.

“Олимпия ўйинларининг якуни мен учун ҳиссий жиҳатдан жуда қийин бўлиб чиқди. Лекин ярим финалгача қийинчиликка дуч келмадим. Зверев билан ўйинда ҳам устунликка эришаётган эдим. Шу билан бирга у ҳам мукаммал ўйнади. Ғалаба учун қўлимдан келганча ҳаракат қилдим. Бироқ, мағлубиятлар ҳам учраб туради.

Ўшанда зарбаларимга шубҳа қила бошлагандим ва Зверев менинг ҳолатимни яхши тушунди. Унинг ўзига хос ўйин услуби бор. Якунда Александр олтин медални қўлга киритди ва Олимпиададан сўнг, бирорта ўйинда ютқазмади”, дейди сербиялик теннисчи ATP расмий сайтига берган интервьюсида.

Жокович Зверев билан бўлажак баҳсдаги имкониятларига баҳо берди:

“Медведев ҳам Зверев каби ажойиб ҳолатда. Лекин бу ерда ўйинлар беш сетли форматда ўтказилади. Бу “Катта Дубулға” туркумига кирувчи турнир. Ҳа, сўнгги йилларда Зверев АҚШ очиқ чемпионатида яхши иштирок этди. Ўтган йили эса финалга қадар етиб келди. Мен натижани олдиндан айтиб беролмайман. Бизни муросасиз баҳс кутмоқда, лекин мен бунга тайёрман. Мақсад йўлида бу тўсиқни енгиб ўтишим керак”. 

Эслатиб ўтамиз, учрашув эртага, 10 сентябрь куни бўлиб ўтади.

Маълумот учун, Жокович жорий йилда “Катта дубулға” туркумидаги учта мусобақада ғолиб бўлди. US Open’даги ғалаба орқали сербиялик теннисчи афсонавий Ройд Лейвернинг натижасини такрорлайди. Австралиялик Лейвер 1969 йилги мавсумда тўртта нуфузли турнирда ҳам ғолиб бўлган. Шундан сўнг, ҳеч бир теннисчи бундай натижага эриша олмаган.

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 19
Рейтинг: 3
t
×