“Тендер челленж” навбати Хоразмга: вилоят “замҳоким”ининг укаси 20 млрдлик давлат буюртмасини ютган
Жамият
−
28 Декабрь 2020
6808Хоразм вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Баҳром Шарипович Қурбонов жорий йилнинг март ойида ҳозирги лавозимига тайинланган. Баҳром Қурбонов раислик қилган тендер комиссиясида унинг укаси – “Bunyodkor” МЧЖ раҳбари Улуғбек Шарипович Қурбонов Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги перинатал марказини реконструкция қилиш бўйича 20 млрд сўмлик давлат буюртмасини ютган.
Telegram’даги “davletovuz” канали хабарига кўра, жорий йилнинг 25 июнь куни Баҳром Шарипович Қурбонов раислигида Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги перинатал марказини реконструкция қилиш бўйича тендер савдо комиссияси мажлиси бўлиб ўтган. Комиссия қиймати 20 млрд сўмдан ортиқ бўлган иншоотни қуриш учун “Bunyodkor” МЧЖ ни ғолиб сифатида танлаб олган. Мазкур корхона улушлари, юридик шахслар реестрига кўра, тўлиғича Улуғбек Шарипович Қурбоновга тааллуқли бўлган. Канал муаллифининг ёзишича, у вилоят ҳокими ўринбосари, тендер комиссияси раиси Баҳром Қурбоновнинг яқин қариндоши – укаси ҳисобланади.
Қайд этилишича, мазкур компания, шунингдек, Урганч шаҳар “Ашхобод” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ичимлик сув тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича тендерда ғам ғолиб бўлган. Тендер натижалари жорий йилнинг сентябрь ойида эълон қилинган. Қарийб 7 млрд сўмлик объект бўйича тендер комиссияси раиси Уй-жой ва коммунал хўжалик вазири бўлган, лекин у йиғилишда “узрли сабабларга кўра” қатнаша олмаган.
“Шунинг учун маданиятли жамиятларда бундай давлат буюртмаларида чиновникнинг корхонаси иштирок этмайди, ҳеч қачон амалдор укаси ёки акаси номидаги компания иштирок этаётган тендерда комиссия раиси бўлмайди. Бу – абсурд. Бу – жиноят. Бу – коррупция. Юқоридаги ҳолатлар, назаримизда, манфаатлар тўқнашуви, қонун бузилиши жойларда чуқур илдиз отганини, муаммога тизимли ечимлар излаш кераклигини кўрсатмоқда”, деб ёзади “davletovuz” канали муаллифи.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззахда 2 млрд сўмлик давлат буюртмаси вилоят ҳокимининг қизига берилган бўлиши мумкинлиги хабар қилинганди.
Шунингдек, Андижон вилоятида қариндошлар бир неча миллиардлик давлат буюртмаларини бўлиб олгани ҳақида хабар берилди.
Кейинчалик, Прокуратура Андижонда қариндошлар ўртасида тақсимланган давлат буюртмалари бўйича текширув бошлагани маълум бўлди.