Тен Хаг “Аякс” бош мураббийлигига қайтариши мумкин
Спорт
−
07 Ноябрь 929 2 дақиқа
Амстердамнинг “Аякс” клуби бош мураббийи Жон Хейтинганинг шартномасини бекор қилгандан сўнг бош мураббийлик лавозимига собиқ устози Эрик тен Хагни қайтариш вариантини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда инсайдер Фабрицио Романо хабар берди.
“Аякс” Чемпионлар лигаси доирасидаги мағлубиятдан сўнг бош мураббийи Жон Хейтинганинг шартномаси дарҳол бекор қилди. Жамоага вақтинчалик бош мураббий сифатида Фред Грим тайинланди, бироқ клуб аллақачон тўлиқ вақтли янги мураббийни излаш жараёнини бошлаган. Ҳозирда жамоа Эредивизияда тўртинчи ўринда турибди ва Чемпионлар лигасидаги дастлабки тўрт ўйинда мағлубиятга учраган.
Инсайдер Романонинг маълумотига кўра, Эрик тен Хагга бош мураббийлик лавозими таклиф қилинган, бироқ мутахассис ҳали қарор қабул қилмаган ва музокаралар давом этмоқда. Шу билан бирга, Тен Хаг “Вулверхэмптон” лавозими учун ҳам кўриб чиқилмоқда.
Маълумот учун, 55 ёшли мутахассис 2017 – 2022 йилларда ҳам “Аякс”ни бошқарган, жамоа билан уч марта Эредивизион чемпионлигини ва икки марта Нидерландия кубогини қўлга киритган. Жорий йил бошида Тен Хаг Германиянинг “Байер” клубини бошқарган, аммо ёмон натижалар сабаб бир неча ўйиндан сўнг ишдан бўшатилган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Италиянинг “Женоа” жамоаси Патрик Виейрани истеъфосидан сўнг, унинг ўрнига Даниэле Де Россини бош мураббий этиб тайинлаган эди.