Темир йўлда божхона назоратидан ўтказиш қоидалари тасдиқланди
Жамият
−
12 Май 2020
4734Давлат божхона қўмитаси, Молия вазирлиги, Транспорт вазирлиги ва Марказий банк Бошқарувининг қўшма қарори билан Темир йўл транспорти йўловчиларининг қўл юкини, багажини, валютасини ва валюта бойликларини божхона назоратидан ўтказиш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Жисмоний шахслар қўл юкида ва кузатиб борилаётган багажида нотижорат мақсадларда товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтаётганда бир вақтнинг ўзида товарларни тақдим этган ҳолда декларациялайди.
Қиймати ёки миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган божсиз олиб кириш нормаларидан ортиқ бўлган товарларнинг ортиқ қисмига нисбатан божхона тўловлари солинади.
Жўнаб кетаётган ва кириб келаётган йўловчилар, уларнинг қўл юки, багажи, валюта ва валюта қимматликларини божхона назоратидан ўтказиш ва расмийлаштириш, одатда, белгиланган тартибда ўтказиш пунктлари хоналарида (кўрикдан ўтказиш залларида), шунингдек белгиланган ҳолларда – поездларда уларнинг тўхтаб туриш вақтида амалга оширилади.
Багажнинг божхона расмийлаштируви темир йўл вокзаллари, станциялари юк багажи бўлинмаларининг белгиланган жойларида ва божхона органи томонидан белгиланадиган бошқа жойларда амалга оширилади.
Низомда барча турдаги божхона кўздан кечируви ва божхона кўриги учун вақт меъёрлари белгиланган, хусусан битта йўловчининг қўл юки, багажи, валюта ва валюта қимматликларининг божхона кўриги, божхона кўздан кечируви ҳамда йўловчи божхона декларациясини расмийлаштириш 1,5 дақиқа ичида, йўловчини шахсий кўрикдан ўтказиш зарурат бўлганда 30 дақиқа ичида амалга оширилади.
Йўловчиларнинг, шунингдек поезд бригадаси аъзоларининг қўл юкини, багажини, валютасини ва валюта бойликларини расмийлаштириш белгиланган шаклда 2 нусхада божхона декларациясини расмийлаштирган ҳолда, божхона расмийлаштируви жойларида амалга оширилади.
Йўловчи ташиш поездида қўл юки ва багаж ташишнинг алоҳида қоидалари белгиланди. Хусусан, қўл юкини йўловчилар учун мўлжалланган жойларга, шунингдек ўтирғичлар ўртасидаги ўтиш жойлари, йўлаклар, вагон майдончалари (тамбурлар)га жойлаштиришга йўл қўйилмайди.
Темир йўл раҳбарияти бир вақтнинг ўзида битта темир йўл станциясига икки ва ундан ортиқ поезд таркибининг кириб келиши ёки чиқиб кетишини истисно қиладиган йўловчи ташиш поездларининг ҳаракат жадвали ишлаб чиқилишини таъминлаши шарт.
LiveБарчаси