Telegram фойдаланувчилари ҳукуматдан сўров келганини била олади – Дуров
Олам
−
03 Октябрь
6540Теlegram асосчиси Павел Дуров 2018 йилдан бери мессенжер кўпчилик мамлакатлардаги махфийлик сиёсатига кўра, жиноятчиларнинг IP манзиллари/телефон рақамларини расмийларга ошкор қила олишини маълум қилди. Бу ҳақда у кеча, 2 октябрь куни ўзининг Теlegram саҳифасида пост қолдирди.
“Бизга тегишли алоқа линиялари орқали тўғри шаклланган юридик сўров келиб тушганда, биз уни текшириб, хавфли жиноятчиларнинг IP манзилларини/телефон рақамларини ошкор қиламиз. Бу жараён ўтган ҳафтадан анча олдин амалга оширилган эди”, дея ёзган Дуров.
Дуровнинг сўзларига кўра, @transparency боти фойдаланувчининг маълумотлари учун қайта ишланган (ҳукумат) сўровлар сонини кўрсатиб беради.
Унинг таъкидлашича, компания Бразилияда 2024 йилнинг 1-чорагида (январь-март ойлари) 75 та, 2-чоракда 63 та ва 3-чоракда 65 та юридик сўровлар бўйича маълумотларни ошкор қилган. Бозордаги энг йирик кўрсаткич Ҳиндистонда 1-чоракда 2461 та, 2-чоракда 2151 та ва 3-чоракда 2380 та юридик сўровни қондирилган. Шунингдек, Европада ҳам 3-чоракда қабул қилинган қонуний сўровлар сони кўпайиши кузатилган.
“Бу ўсишга кўпроқ Евроиттифоқ маъмурлари ўз сўровлари учун EI DCA қонунида белгиланган тўғри алоқа линиясидан фойдалана бошлагани сабаб бўлди. 2024 йил бошидан буён Теlegram веб-сайтини кўрган ёки Google’да “Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари учун Теlegram Европа Иттифоқи манзили”ни қидирган ҳар бир киши ушбу алоқа нуқтаси ҳақидаги маълумотларга очиқ бўлади”, дейди у.
Бундан ташқари, Дуров чалкашликни камайтириш учун мессенжер ўтган ҳафтада турли мамлакатларда махфийлик сиёсатини соддалаштиргани ва бирлаштирганини маълум қилди.
“Асосий тамойилларимиз ўзгармади. Биз ҳар доим улар эркинлик ва шахсий ҳаёт қадриятларимизга зид бўлмаса, тегишли маҳаллий қонунларга риоя қилишга интиламиз. Теlegram фаоллар ва оддий одамларни коррупциялашган ҳукуматлар ва корпорациялардан ҳимоя қилиш учун яратилган. Биз жиноятчилар платформамизни суиистеъмол қилишларига ёки адолатли судловдан қочишларига йўл қўймаймиз”, дейди Павел Дуров.
Эслатиб ўтамиз, Дуров жорий йилнинг 25 август куни терроризм, гиёҳвандлик, жиноий шерикчилик, фирибгарлик, пул ювиш, солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, Теlegram’даги педофилияга асосланган контент сингари бир қатор айбловлар билан ҳибсга олинганди. Дуров билан боғлиқ воқеадан сўнг дунёда уни ҳар хил усуллар билан қўллаб-қувватлаш бошланди.
Россиянинг Франциядаги элчихонаси мамлакат ҳукуматидан Павел Дуров иши бўйича тушунтириш беришни талаб қилганда Париж расмийлари бу масалада ўзаро ҳамкорлик қилмаганди. Шунда кўплаб ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳамда дунё ҳамжамияти ҳибсга олиш масаласи Москванинг Париж билан муносабатларининг кескинлашувига олиб келиши мумкинлигини билдирганди. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Франция Дуровни кимнингдир маслаҳати билан ҳибсга олганини айтиб чиқди. Франция Президенти Эммануэл Макрон эса Дуров ҳеч қандай сиёсий сабабсиз суд тергови доирасида ҳибсга олинганини айтди.
Париж прокуратураси Франция ҳуқуқ-тартибот идоралари Дуровни кўплаб кибержиноятларда гумон қилиб, исми ошкор этилмаган шахсга қарши тергов доирасида сўроқ қилаётганини маълум қилди. 28 август куни Дуров Париж судига олиб борилди ва судья уни дастлабки сўроқ қилиш ва эҳтимолий айбловлар учун полиция ҳибсхонасида ушлаб туришни тўхтатди. У 5 миллион евро гаров эвазига озод қилинди. Унга Франциядан чиқиб кетиш тақиқланди ва ҳафтасига икки марта полицияга хабар бериб туриши шарти қўйилди.