Павел Дуров гаров эвазига озод қилинди (видео)
Олам
−
29 Август
9017Telegram асосчиси Павел Дуров кеча, 28 август куни Парижда ҳибсдан 5 миллион евро гаров эвазига озод қилинди. Унга Франциядан чиқиб кетиш тақиқланди ва ҳафтасига икки марта полицияга хабар бериб туриши шарти қўйилди. Бу ҳақда Париж прокуратураси пресс-релизида маълум қилинди.
Париж прокуратураси баёнотида айтилишича, 39 ёшли Дуров бир нечта жиноятларни содир этганликда гумон қилиниб, тергов қилинмоқда. Улар орасида ноқонуний фаолият олиб бориладиган платформани бошқариш, расмийлар томонидан сўралганда маълумот беришдан бош тортиш, пул ювишда иштирок этиш, болалар жинсий жиноятлари, гиёҳванд моддалар савдоси ва фирибгарлик киради.
Прокуратуранинг таъкидлашича, тергов Франция расмийлари Telegram суд сўровларига амалда жавоб бермаётганини пайқаганидан кейин бошланган, бунга Европанинг бошқа давлатлари, масалан, Бельгия вакиллари ҳам ишора қилган.
Париж прокуратураси кўрсатмаси билан 2024 йил февралида дастлабки тергов бошланган, суд тергови эса 8 июлда бошланган.
Маълумот учун, Павел Дуров 24 август куни кечқурун Париж аэропортида қўлга олинган. Шу билан бирга, унинг акаси, Telegram асосчиси Николай Дуровни ҳибсга олиш учун ордер берилди. Ҳибсга олиш учун ордерлар “вояга етмаганларнинг порнографик тасвирларини эгаллаш, тарқатиш ёки улардан фойдаланишни таклиф қилишда иштирок этганлик” учун чиқарилган.
LiveБарчаси